Ютуқлар кўп, аммо бу муаммо йўқ дегани эмас

28.06.2021 09:06:36

«Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик» Халқаро форуми доирасида Бухоро декларацияси қабул қилинди.

Ҳужжатда ёши, жинси, ногиронлиги, ирқи, миллати, келиб чиқиши, дини ва иқтисодий ва бошқа ҳолатидан қатъи назар, барча шахсларнинг сиёсий жараёнларда иштирокини таъминлаш назарда тутилади. Шунингдек, декларацияга мувофиқ парламентлар глобал пандемиянинг иқтисодий натижаларини ҳисобга олган ҳолда асосий устувор йўналишлар ва индикаторларга эга Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир дастурларни (режаларни, «йўл хариталари»ни) ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга жалб этилади.  

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнига фуқаролик жамияти, хусусан, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, хайрия ташкилотлари, хусусий сектор, илмий муассасалар ва бошқа барча даражадаги манфаатдор томонлар ҳам фаол жалб этилади. Бухоро декларацияси Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича бошқа йўналишларини ҳам қамраб олгани билан аҳамиятли.  

Барқарор ривожланиш мақсадлари 17 та мақсаддан иборат бўлиб, мамлакатимизда уларнинг ҳар бири бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.  

Масалан, 1-мақсад асосида аҳолининг кам таъминланганлик даражасини па­сайтиришга жиддий киришилиб, 2015 йилда 12,8 фоиз бўлган бу кўрсаткични 2019 йилга келиб 11 фоизга туширишга эришилди.  

Озиқ-овқат хавфсизлигини мус­таҳкамлаш эса 2-мақсад ҳисобланади. Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш глобал индексида 6,7 балл билан 107 давлат орасида 30-ўринда қайд этилди ва очлик даражаси паст бўлган мамлакатлар гуруҳига киритилди. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. БРМнинг бажарилиши борасида кўплаб далиллар келтиришимиз мумкин. Бироқ бу барча мақсадга эришиб бўлдик, дегани эмас, ҳали олдимизда қилиниши зарур бўлган кўплаб вазифалар турибди. Уларни амалга оширишда ҳам халқаро ҳамкорликка, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларига таянилади. Бу борада Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форум айни муддао бўлди. Умуман олганда, нафақат Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон миқёсида илк маротаба ўтган форум Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.  

 

Исмоил Саифназаров,

фалсафа фанлари доктори, профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+