Янгиликлар 1452
Юзлаб қалблардаги умид учқунлари яна оловланди
Қутлуғ Рамазон Ҳайити байрами арафасида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида”ги Фармони кўплаб хонадонларга қувонч олиб кирди.
Халқимизга ҳос бағрикенглик, кечиримлилик анъаналари кейинги йилларда бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда. Афв этилган ватандошларимиз ҳаётлари давомида йўл қўйган хатоларидан тўғри хулоса қилиб, чин дилдан пушаймон бўлиб келгуси ҳаётларида жамиятимизнинг фаол аъзоси сифатида ўзларини намоён қилишларига замин яратилмоқда. Шу билан бирга, маҳалла фаоллари, депутатлар, мутасадди ташкилотларга қатор вазифалар белгилаб бериляптики, улар афв этилган шахснинг тўлақонли ҳаётларини давом эттиришларида яқиндан кўмак бериши, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, бандлигини таъминлаш масалаларида елкадош бўлишлари лозим.
100 нафар фуқароларнинг авф этилиши бу 100 нафар инсоннинг қалбидаги умид учқунларини оловлантириш, уларни яшашга бўлган интилишларини ошириш демакдир. Оиласи, минглаб яқин инсонларига қувонч улашиш, айниқса фарзандларига оталик, оналик меҳри қайтарилиши жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг мувозанатини яхшилашга хизмат қилади.
Мазкур савобли ишнинг айниқса Рамазон Ҳайити арафасида амалга оширилиши, эзгуликка йўғрилган бағрикенглик эса шубҳасиз, ҳар бир инсон учун чинакам ибрат, намунадир.
Адҳамжон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг