Забардаст ёш тантанаси

30.08.2021 12:08:02

Ватаним, сени таърифлашга тиллар ожиз, қалбларни ларзага солган туғёнларим чексиз. Сени бағрингда туғилиб, униб-ўсдим. Сени қанчалар азизлигингни ўзга юртга борганда сездим ва тупроқларингни кўзларимга суртдим. Онажоним ҳидларини соғинсам сенинг тупроғингни ҳидладим, отажоним сўзларини соғинсам сенинг нидоларингга қулоқ тутдим.

Мана, мустақилликка эришганимизга ҳам 30 йил тўлибди. Сен бу ёшинга етгунингча не-не заҳматларни бошингдан кечирмадинг, не-не хурсандчиликларни кўксингда сақладинг. Ҳамон эсимда, ёшгина қизалоқ эдим ўшанда. Мен ўқиган мактабнинг ҳовлисида барча ўқувчилар иштирокида эрталабки машқлар бажариларди. Бир куни машқлар бажараётган вақтимизда ўртага чиққан мактаб директори “Бугундан бошлаб Ўзбекистон мустақил давлат бўлди, энди ўз эркимиз ўз қўлимизда. Биз энди ҳеч кимга бўйсунмаймиз, ҳеч кимга ҳисобот бермаймиз!” деб ҳайқиргани кўз олдимда. Мана, шунга ҳам 30 йил тўлибди. Бугунги кунда  ҳар бир гўшанг, ҳар бир воҳангда кўтаринки кайфиятда ушбу забардаст ёшинг тантанали нишонланмоқда. Тўйга туёна билан деганларидек бу ёшингда ҳар бир соҳа вакиллари ўз ютуқлари билан муносиб совғаларини тақдим этишмоқда. Айниқса Токио-2020 XVI паралимпиа ўйинларида қатнашган спортчиларимиз томонидан олиб келинган кумуш, бронза, олтин медаллар барчаси сенинг меҳринг дебочасидир.

Ватан қадрини ватансиздан сўранг, ўзга юртларда ночор кезганлардан сўранг, тунлари тинч ухлолмайдиган юрт фарзандларидан сўранг. Оллоҳимга минг шукрки, Оллоҳ назари тушган юртда камол топдим. Мустақиллигимизга, тинчлигимизга, аҳиллигимизга кўз тегмасин илойим. Оллоҳ юртимни бало-қазолардан, ёмон кўзли ёвузлардан ўзи асрасин.

Ватан сени мадҳ этгум бугун

Ютуқларинг, шонларинг ила.

Ватан сенга жонимни бергум

Бу шарафли қонларим ила!

 

30 ёшинг муборак бўлсин, Ватаним!

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+