Заҳириддин Муҳаммад Бобур – адолат элчиси

12.02.2022 14:02:40

Жорий йилнинг 12 февраль куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Stable visotor Hotel” меҳмонхонасининг анжуманлар залида «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан «Бобур – адолат элчиси» мавзусида олимлар, ёзувчи-шоирлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Шунингдек тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ва маҳаллий Кенгаши ходимлари, «Ёш адолатчилар», «Аёллар қаноти» ҳамда «Ёшлар парламенти» аъзолари, Бобуршунос олимлар, санъаткорлар, “Stable visotor Hotel” меҳмонхонаси ходимлари, ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Ижодий кечани партиянинг Сиёсий Кенгаш раис ўринбосари Абдукамол Раҳмонов кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари нафақат бадиий такрорланмас ташбеҳлари, шу билан бир қаторда адолатпарварлик ғояларини беқиёс тарзда тараннум этиши билан ҳам жуда катта аҳамият касб этишига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети катта ўқитувчиси Мубора Омонова сўзга чиқиб, Бобурнинг саркардалик фаолияти, машаққатли ҳаёт йўлларини тилга олди. Ўз навбатида унинг бутун ҳаёт ва ижоди ёш авлодга намуна сифатида Ватанга муҳаббат, ахлоқий юксакликка интилиш, миллатлараро тотувлик, адолатлилик ғояларини тарғиб этиши билан қимматли эканлигини таъкидлади.

Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида ном қолдирган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олганлиги, унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилганлиги эътироф этилди.

Тадбирда ҳудудий Кенгашлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, Бобур ижодидан намуналар келтирдилар. Шунингдек, қўйилган бадиий саҳна кўриниши йиғилганлар қалбида чуқур таассурот қолдирди. Қизиқарли кечган бадиий кеча давомида “Stable visotor Hotel” меҳмонхонаси ходимлари партиянинг «Партия патронажи» лойиҳаси доирасида партия аъзолигига қабул қилиндилар ва уларга партия аъзолик билетлари тарқатилди. Тадбир сўнгида иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+