Янгиликлар 427
Замонавий билим ва етакчилик қобилиятига эга хотин-қизлар – миллатимизнинг олтин фонди
Давлат раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ота-оналарга мурожаат қилиб, қизларини ўқитиш зарурлигини, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакчи бўлишларини таъкидлади. Ёшларга қарата эса ҳамиша ўз кучи, қатъияти ва салоҳиятига ишонишларини, давлатимиз, халқимиз, Президент уларни бу йўлда доимо қўллаб-қувватлашини билдирди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда навқирон авлод вакиллари, айниқса, аҳолининг қарийб ярмини ташкил этувчи хотин-қизларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши ва амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, кенг имкониятлар яратишда, аввало, уларнинг оналик ва оиладаги бош тарбиячилик вазифаларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Бу бежиз эмас. Чунки бу иккала ўта муҳим вазифани бажаришда аёлнинг жамиятдаги мавқеи, нуфузи, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан таъминлангани, маънавий-маърифий жиҳатдан етуклиги, сиёсий онги, ижтимоий тафаккури, ҳуқуқий маданияти ва саводхонлиги муҳим аҳамиятга эга.
Кейинги йилларда ушбу долзарб масаланинг амалий ижросига қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилингани юртимизда опа-сингилларимизга бўлган юксак эътибор ва катта ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистонда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Уларнинг жамиятдаги ролини ошириш, шуҳасиз, ижтимоий жараёнлар, бизнес ва илм-фандаги иштирокини кенгайтиришда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам гендер тенглиги мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий қисми сифатида татбиқ этилди.
Бугунги кунда гендер тенглиги барча мамлакатларнинг муваффақиятли ривожланишининг асосий шартларидан бири бўлиб, одамларга жинсидан қатъи назар, жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маърифий соҳаларида ўз ҳуқуқ ва имкониятларини эркин амалга ошириш имконини беради. Айнан шу масала Янги Ўзбекистонни қуришнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳам бежизга эмас.
Бугун республикада хотин-қизларнинг ўз билим ва имкониятларини намоён этиши, соҳада самарали меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароит яратилган. Иқтидорли ватандошлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Чунки билимли аёл ҳар қандай жамиятда кучли манба саналади. Илм-фан билан шуғулланган инсон эса нафақат ўз умрини бағишлаган соҳа, балки бутун давлат тараққиётига катта ҳисса қўшади.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги йилларда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда рўёбга чиқарилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида уларнинг раҳбар лавозимлардаги улуши 35 фоизга етди. Биргина 2022 — 2023 йилларда 398 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминланди, 100 минг нафар хотин-қизларимиз имтиёзли асосларда олийгоҳларга қабул қилинди.
Эътиборлиси, 170 минг нафарига таҳсил олаётган олийгоҳларининг шартнома тўловлари учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилган бўлса, 14 минг нафар олима қизларимиз магистратурада бепул ўқитилмоқда. 198 минг нафари эса касбга ўқитилди.
Бундан ташқари, аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 225 мингдан зиёд лойиҳаларга 4,4 триллион сўмга яқин кредит, 40 мингга яқин хотин-қизларга жами 179,1 миллиард сўм субсидия ажратилди. 2020 йилдан бошлаб йўлга қўйилган «Аёллар дафтари» тизими орқали қарийб 2,3 миллиондан ортиқ хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш учун 5,1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Ҳозирги вақтда юртимиз илмий таълим муассасаларида 660 аёл фан доктори ҳамда 7 нафар аёл академик меҳнат қилмоқда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларида 3 минг нафарга яқин аёл-қиз тадқиқот олиб боряпти. Жумладан, магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ буджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун эса ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши йўлга қўйилган.
Турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 300 нафардан ортиқ аёл раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётгани ҳам юртимизда аёлларга бўлган эътибор ниҳоятда юқори эканлигидан далолат беради.
Бугунги таҳликали, жадаллашган қарама-қаршиликлар даврида, тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо этаётган замонда хотин-қизларнинг ҳар жиҳатдан билимли ва салоҳиятли бўлиши жуда ҳам муҳим. Чунки улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводла бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади. Шу билан бирга, аёл қадрини қанчалик юқорига кўтаришга муяссар бўлсак, миллий ғуруримиз, маънавият ва маданиятимиз янада юксалиши, оилаларимиз барқарорлиги таъминланиши, ҳалол ва пок, фидойи, ватанпарвар, жамиятга фойда келтирувчи, миллатимизни бутун жаҳонда кўз-кўз қилувчи фарзандларимиз сафи янада кенгайиши табиий.
Умуман олганда, ҳар томонлама фаол ва оқила, доно, изланувчан, замонавий аёл меҳнатидан, салоҳиятидан нафақат унинг оиласи, балки бутун жамият манфаатдор бўлади. Биз барпо этаётган жамиятнинг пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган асосий куч — хотин-қизлар ҳам ўз навбатида, оила шаъни, маҳалла виждони, юрт тимсоли, мустақилликнинг ишончли, мустаҳкам таянчи бўлмоғи лозимлигини унутмаслигимиз керак.
Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг