Замонавий таълим – мамлакатимиз келажаги пойдевори

14.10.2020 18:10:15

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Қўқон шаҳар Кенгаши томонидан 23-сонли умумтаълим мактабида “Замонавий таълим-мамлакатимиз келажаги пойдевори” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.  Унда партия фаоллари, умумтаълим мактаби ўқитувчилари қатнашдилар.

Таъкидланганидек, Президентимиз мустақиллик байрамига бағишланган нутқида Учинчи Ренессанс ҳақида тўхталиб ўтган эдилар. Кўпчилик жараённинг қандай амалга оширилиши ҳақида тасаввурга эга эмасди. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Президентимиз бунга аниқлик киритиб, таълим  соҳасида тизимли ислоҳотлар олиб борилишини билдирдилар.

Албатта, жамиятнинг иқболи ва истиқболи ёш авлодга бўлган эътиборга боғлиқ. Келажакнинг бунёдкори бўлган йигит-қизларни ҳар жиҳатдан камолотга етишлари ва улар томонидан турли соҳаларда амалга ошириладиган ишлар давлатимизнинг дунё ҳамжамияти олдидаги нуфузи ва обрўсини  янада мустаҳкамлайди.

Юртимизда иқтидорли, лидерлик салоҳиятига эга ёшлар талайгина.   Таълим тизимига замонавий методларни қўллаш, янгича руҳ, ўзгаришларнинг олиб кирилиши эса уларнинг сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади. 

Бу борада партиямиз олдида ҳам масъулиятли вазифалар турибди – деди шаҳар Кенгаши раиси Азиз Аҳмаджонов. – Ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тадбирлар кўламини кенгайтиришимиз зарур. Кенгашимиз қошидаги “Ёш адолатчилар” қаноти  таркибига ўқувчиларни ҳам жалб этиш, уларда Ватан равнақи йўлида даҳлдорлик ҳиссини юксалтириш асосий мақсадимиз бўлмоғи лозим. Албатта, бу ўринда ҳамкорлик фаолиятимиз самарадорлигини таъминлайди.

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+