Янгиликлар 2444
Жабрдийда ролидаги ношукрлар
Шу йилнинг 29 август куни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” маҳалласи “Солин” қишлоғидаги ҳолат бўйича ўз муносабатимни билдираман. Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган "Сардоба тошқини жабрдийдалари яна бир бор хонавайрон қилинмоқда...ми?" сарлавҳаси остида тарқалган видеони кўрар эканман, у ердаги аёл кишининг бақир-чақирини, жабрдийда бўлиб кўринишга уринишини ношукрлик деб изоҳладим. Ўзларининг ҳатти-ҳаракатларини телефонда ўзлари тасвирга олиб турганлиги ҳам ғалати. Бу эса “жабрдийдалар”нинг мақсади нохолислигини кўрсатиб турибди. Масаланинг моҳиятига бир оз ойдинлик киритай. 2020 йил 1 май куни Сардоба сув омборининг бир қисми ўпирилиши туманимизнинг “Ҳақиқат”, “Навбаҳор”, “Мирзачўл” маҳаллаларига ҳам талофат етказди. Давлатимиз томонидан режа асосида жуда катта тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Янгидан кўп қаватли шаҳардаги уйлардек шароитли уй-жойлар қурилмоқда. Талофатдан жабр кўрган хонадонларга қирқ миллион сўм пул маблағи ҳамда маиший техникалар берилган. Кўп қаватли уйлар қурилиб ҳар бир оилага бепул берилиши ва ер участкалари ажратилган бўлсада “Ҳақиқат” маҳалласи “Солин” қишлоғидаги 11 та хонадон янгитдан қурилаётган биноларнинг қад ростлашига каршилик килаётганини ўринсиз, деб биламан. Одам фақат ўзини ўйламай, болалар келажагини ва маҳалладошлар манфаатини ҳам ўйлаш керак. Маҳаллада ишлашга иш йўқлиги сабабли кўпчилик четдан иш қидириб сарсон бўляптику, ахир. “Солин” қишлоғи аҳлининг уй-жойлари сув тошқинида жиддий зарар кўрди. Эвазига зарарлари қопланди. Сув ювиб кетган уйлар ўрнига маҳалла аҳли учун бош режа асосида маиший мажмуа қуриш ва иш ўрни яратиш белгиланган. Қурилиш ишлари саноқли одамларнинг тушунмовчилиги сабабли бошланмай турибди.
Жанжал қилган хонадон эгалари билан биз туман кенгаш депутатлари жуда кўп маротаба учрашиб, тушунтириш ишлари олиб бордик. Кўпчилик хурсандлик билан янгидан уй-жой қуришга ажратиб берилган ерга ўтиб, қурилиш ишларини бошлаяпти. Аммо 11 нафар инсон тушунишни хоҳлашмади. Туман кенгаши депутатлари сессия ишида ҳам бу масалани кўриб чиқишди. “Ҳақиқат” маҳалласида 350 иш ўринли мажмуа қурилиши режалаштирилган. 11 та хонадон эгалари эса эртанги кунда ўзлари ва фарзандлари келажаги учун қилинаётган бунёдкорлик ишларини нотўғри тушунмоқда. Ўрганишларимиз мобайнида аниқладикки, “Солин” қишлоғида 70 та хонадон бўлиб, 59 та хонадон ажратилган ер участкаларига уй-жой барпо этишмоқда. У ерга газ, электр энергияси, сув йўли ва равон кўча каби барча шароитлар барпо этилаётганидан фуқаролар мамнун. 11 та хонадон эгаларининг эса мақсади яна пул маблағи олиш. Давлатимиз жуда катта ёрдам бериб, саховат қилиб турган бир пайтда бу инсонлар берилган пул маблағи, қурилаётган кўп қаватли уйлардан бепул берилаётгани ва яна якка тартибда уй-жой қуришга ва томорқа юритишга ҳам жой ажратиб берилаётганига қаноат қилмай, эски уйимиз ўрнига уй қурамиз деб оёқ тираб туришининг боиси яна давлатдан пул олиш бўлиб турибди. Буни бошқача тушуниб бўлмайди. Туман Кенгаши депутати сифатида улар билан ўтказган мулоқотимда мен ҳам уларни шукроналикка чорладим. Ислоҳотлар халқ манфаати учун хизмат қилиши кераклигини, бунда эса аҳолининг ҳам иштироки зарурлигини тушунтирдим. Ижтимоий тармоқлар орқали қолдирилган постлар ва халқнинг фикри, муносабати мазкур воқеъликка холис баҳони берди. Энди мазкур 11 та хонадон вакиллари буни англаб етишса бўлгани. Зеро, шукр қилиб яшашда барака бўлади.
Дилдора ХОЛИҚОВА,
Халқ депутатлари Мирзаобод
туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг