Жаҳлини жиловлай олмаганлар шифокорни айблайди

20.12.2021 17:12:20

 

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти перинатал марказидаги тортишув акс этган видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан “Адолат” СДП Фарғона туман Кенгаши томонидан ўрганишлар олиб борилди.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби Камола Полвонованинг хабар беришича, жорий йилнинг 11 декабрь куни соат 17:50 да Фарғона тумани “Чекшўра” МФЙда яшовчи 1994 йилда туғилган ҳомиладор аёл Гулсанам Пўлатова шахсий машинада, ҳеч қандай йўлланмасиз турмуш ўртоғи билан вилоят перинатал марказига ташриф буюрган.

Қабул бўлими навбатчи акушер-гинекологи Д.Мамасидиқова ҳомиладор акушерлик кўруви ўтказиб, аёлда тўлғоқ дарди борлигини, ҳозирги пандемия даврида COVID-19га таҳлил топширишини, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 151-сонли буйруғи тартиб-қоидаларини тушунтирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 151-сонли буйруғига кўра, Ўзбекистон Республикасида ҳомиладор ва туғувчи аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳудудийлаштириш тамойилларига асосан амалга оширилади. Физиологик туғуруқлар биринчи даражали туғуруқ бўлимларида содир бўлади. Вилоят перинатал маркази эса учинчи даражали туғуруқ муассасаси ҳисобланиб, у ерда ҳомиладорлиги асоратлар билан ўтаётган, она ва бола саломатлигига таъсир қиладиган хавфлар мавжуд бўлган ва операция ўтказилиши шарт бўлган ҳомиладорларга туғишга рухсат этилади.

Лекин, бу вақтда ҳомиладор аёлнинг турмуш ўртоғи буйруқларнинг асл моҳиятини тушунишни хоҳламаган. Перинатал маркази мутахассислари аёлни марказда олиб қолишга қарор қилганлигига қарамасдан, аёлнинг турмуш ўртоғи мажбурлаб, олиб кетишга уринган.

Ҳомиладор аёл Г.Пўлатова Фарғона туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ бўлимига 40 дақиқадан сўнг етиб бориб, соат 20:35да қиз фарзандли бўлган. Бола соғлом туғилган. Туғуруқ асоратсиз кечган. Туғуруқ жараёнини вилоят перинатал марказининг бош шифокори шахсан ўзи мобил алоқа орқали назорат қилиб турган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан 2021 йилнинг 16 декабрда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида йиғилиш ўтказилган ҳамда ҳолат ўрганилган. Унга кўра, вилоят перинатал маркази бош шифокорининг деонтология (хулқ-атвор) қоидаларини бузганлиги аниқланди ҳамда тегишли  тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди.   

Ижтимоий тармоқларда айланиб, ҳамманинг раҳмини келтирган жувон ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафтасида экан. Видеодаги қаҳрамонлар нега оҳирги нуқтага келиб ҳамки туғуруқхона масаласини ҳал қилмай юрдийкин? Мадомики бирор туғуруқхонани мўлжалласа, ўша туғуруқ мажмуасига бориб олдиндан рўйхатдан ўтиб қўйиши керак эди.

Шифокор томонидан нотаниш хомиладор аёлни қабул қилиб олиш аввало ҳомиладор аёл учун анча қийинчилик туғдиради, чунки шифокор ушбу ҳомиладор аёл ҳақида, унинг соғлиғи, ҳомиладорлик жараённинг кечиши ва шу каби соғлиқ билан боғлиқ маълумотларга эга бўлмаганлиги боис ҳомиладорга ва туғилажак болага тиббий ёндашишнинг ўзига ҳос хусусиятлари аниқ бўлмайди. Бундай ҳолатда соғлом бола туғдириш ва онани соғлиғи ва хаётини хавф остига қўймаслик қийин масала. Хусусан, аёлда диабет касаллиги бўлса, туғуруқда ўзига хос ёндошиш керак. Ўтган йили Навоийда биргина уколдан кейин анафилактик шок сабаб вафот этган аёлни эсланг.

Ўрнатилган тартибга кўра, ҳар ким ўз ҳудудига қарашли туғуруқхонада кўзи ёриши керак. Чунки аёлнинг соғлиғи ҳолати, ҳомиладорлик қандай кечгани ҳақида ҳудуд шифокори маълумотга эга бўлади ва шунга мувофиқ йўлланма беради.

Алоҳида ҳолатларда ёки ўз хоҳиши билан бошқа туғуруқхонани танлаган аёл икки ой аввал ўша муассасадан рўйхатда туриб, тиббий кўриклардан ўтиши керак. Тўсатдан келган ҳомиладорни туғдириш – тиббий жиҳатдан тўғри табдир эмас. Зеро, ҳар қандай туғуруқ ҳам муваффақиятли кечавермайди, кўнгилсиз ҳодиса юз берган тақдирда она-бола саломатлигига масъул ҳисобланмиш шифокор жавоб беради.

Мисол учун, агар тўсатдан келган аёлда соматик касалликлар, репродуктив тизимда муаммолар кузатилса, туғуруқни амалга оширишда шуни ҳисобга олган ҳолда чора кўрилади, шифокор аёлнинг аҳволидан огоҳ ҳолда шунга қараб иш тутади.

Боз устига, ҳозир жиддий пандемик шароит талабларига бўйсунишимиз шарт. Туғуруқхона аёлдан тест таҳилили натижасини сўраб жуда тўғри қилган. Аёл ўзининг ва бошқаларнинг соғлиғига эътиборли бўлганида, дард тутишини кутиб ўтирмасдан тест топшириб, натижасини тайёр қилиб қўярди. Тўғри, буни оилавий шифокор ҳам эслатиши лозим эди, аммо вужудида бола ўсаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ она билса керак, ҳар ҳолда. (ёки “Сен ҳомиладорсан, эртами-индин туғасан”, деб ҳар куни кимдир қулоғига пичирлаб туриши керакмикин, а?).

Нима, коронавирусга чалинган аёл туғуруқхонага қабул қилиниб, ҳаммага касалини юқтирсинми? Бошқа кўзи ёриган аёллар ва эндигина дунёга келган чақалоқлар нега вазият қурбони бўлишлари керак? Бунинг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлдан тест натижасини талаб қилишга тиббиётчиларнинг ҳақи бор.

Тўғри, воқеа қаҳрамони ҳисобланмиш аёл – нозик жинс вакили қийин аҳволга тушиб қолди, аммо, бир неча дақиқадан кейин, шукрки, бахтиёр оналар қатори фарзандини бағрига босди. Бунда ҳам тиббиётчиларнинг меҳнати ётибди, бошқа муассасада бўлса-да, айнан оқ ҳалатлилар оналик неъматини тотиши учун кўмаклашдилар.

Энди ўша ноқулай вазиятнинг сабабига чуқурроқ разм солайлик. Нега эркак киши масъулиятни бўйнига олиб, аввалроқ туғуруқхона масаласини ҳал қилиш ўрнига ҳолатни видеотасвирга тушириш орқали ишини осон битираман деб ўйлаяпти? Шифокор олиб қолишга қарор қилса ҳам, у ичидан қайнаётган нафратга бўйсуниб аёлини кўчага судраяпти? Унга фош этиш истаги ўз аёли ва фарзанди саломатлигидан ҳам муҳимроқ экан-да?! Бундай қилиқ эркак номига умуман номуносибдир. Тиббий саводхонлиги бўлмагани боис аёлини икки ўт ўртасида қийнаб, яна бир аҳволдаги жуфти ҳалолини тасвирга олиб, бутун интернет бўйлаб тарқатишни қайси ўзбек ҳазм қила олади?

Телеграмдаги “Партиялар нима қиляпти?” канали ушбу видеони эълон қилиб, қуйидагича изоҳ қолдирибди: “Фарғонадаги коррупцияга ботган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳолат. Соғлиқни сақлаш вазирига видеофакт! Мазкур ҳолат бўйича электорати тиббиёт ходимларидан иборат бўлган “Адолат” партиясидан расмий муносабат кутиб қоламиз. Фарғона шаҳрида депутатлик гуруҳи йиғилиши ўтказиб, Соғлиқни сақлаш бошқармаси каттаконини зудлик билан чақириб, эшитув ўтказишни тавсия қиламан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмайди деган умиддаман”.

Ҳа, ўринли эслабсиз, электоратимизнинг асосий қисмини тиббиётчилар ташкил этади. Тиббиётчиларнинг меҳнати бебаҳо эканлигини ҳамма кўриб-сезиб турибди. Шифокорлар-у шифохоналар ўз билганича эмас, ўрнатилган тартибга асосан ишлайди. Тартиблар эса инсон манфаатларини кўзлаб ўрнатилган. Биз бундан кейин ҳам ана шундай қонуний фаолият тарафдоримиз.

Лекин, вазиятдан сабоқ ҳам чиқардик. Ҳақиқатдан ҳам “Адолат” партияси бу масаладан хулоса ясаши шарт экан. Инсонларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, тартиб-интизомга ҳурмат билан қарашни шакллантириш учун чора-тадбирлар белгилаб олишимиз бугун ҳар доимгидан ҳам долзарб аҳамият касб этибди.

Шу билан бирга, нафратини жиловлай олмай ўз оиласига зарар келтираётган инсонларга инсоф тилаймиз!

 

Дурдона АЛИМОВА,

“Адолат” СДП матбуот хизмати ходими

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+