Жамият ва халқ манфаати ҳимоячилари

25.06.2021 18:06:01

Ҳурматли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Қадрли блогерлар!

Қадимги юнон файласуфи Демокрит “Сўз инсонни қандай ишга йўллаши билан қимматлидир”- деб айтган экан.

Дарҳақиқат, сўз инсон эркинлигининг ўта муҳим воситаси, демократик жамиятнинг ноёб қуроли эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Шу жиҳатдан, сиз журналист ва блогерларнинг ўта муҳим, долзарб ва жамият учун керакли касб эгаси эканлигингизни ҳаётнинг ўзи яққол исботлаб турибди.

Ваҳоланки, биргина кучли ижтимоий фикр ва ишончли ОАВ жамиятни ҳар қандай сиёсий-иқтисодий ҳамда мафкуравий тазйиқлардан, зарарланиш ва заҳарланишлардан ҳимоя қилишда энг самарали, кафолатли восита бўла олади.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугун ОАВ ўзгача принцип, янгича ижодий, миллий ғурур билан ишлашга, халқ ва жамиятнинг чинакам фидойиси, жонкуяри, ҳимоячисига айланишга чоғланган. Очиқлик, ошкоралик, мамлакат тақдирига дахлдорлик, халқни рози қилиш, демократик жамият қуриш каби тамойиллар ОАВнинг медиа макондаги нуфузи, қиёфасини белгиламоқда.

Сиёсий майдонда ўз обрўси ва ўрнига эга “Адолат” СДП сайловолди дастурларини тузар экан, амалий фаолиятининг натижадорлигини ОАВнинг бевосита иштироки ва кўмагида таъминлаб келмоқда. “Куч–адолатда!”, “Адолат–ҳар бир инсон учун!”, “Коррупция– жамиятни емирувчи, инсонни кемирувчи иллат!”, “Биз квоталарсиз олий таълим тарафдоримиз!” ва бошқа шу каби шиорлар билан қуролланган партиямиз айнан ОАВ билан баҳамжиҳатликда иш олиб бораётгани учун ҳам, бугун кенг жамоатчиликнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ҳурматли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Бугун сизларнинг касб байрамингиз! Сизлар ҳақингизда кўпроқ гапириладиган, фаолиятингиз қизғин таҳлил ва талқин қилинадиган кун. Бу борада қандай фикрлар айтилишидан қатъий назар, биз– адолатчилар, аввало, сизларга энг самимий тилакларимизни изҳор қиламиз!

“Ўзбекистон”- деган улкан кемани янги тараққиёт уфқлари сари дадил бошлаган, сиёсатшунослар ибораси билан айтганда, давлат ва жамият бошқарувида тарихий бурилиш ясаган толмас, шижоаткор етакчи Президент Ш.Мирзиёевга камарбаста бўлишдек залворли масъулият сизларга хайрли бўлсин!

Ўз қарашларида собит, принципиал журналистлар, аҳдига содиқ, шижоатли блогерлар ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам ижтимоий муроса манфаатларидан келиб чиқиб, жамият ва халқ манфаатлари йўлида жипслашишларига имонимиз комил. Ана шу эзгу мақсад йўлида барча ОАВ ходимларига, блогерларга куч-қувват, матонат, соғлик-омонлик тилаймиз!

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз матбуот ва ОАВ ходимлари!

 

Баҳром Абдуҳалимов,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+