Янгиликлар 1200
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш – бош мақсадимиз!
Фарғона давлат университетида “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – бош мақсадимиз!” шиори остида “Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият – жамият тараққиёти гарови” мавзусидаги тадбир ўтказилди. Унда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Тадбир давомида Фарғона вилояти адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Абдулазиз Зайнитдинов “Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар”, Юксалиш” лидерлари академияси Фарғона филиали ўқитувчиси Араббой Фаёзов “Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятли ёшлар – жамият таянчи”, “Ибратли бекам” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шаҳноза Ғаниева “Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятли аёлларнинг жамиятдаги ўрни”, Фарғона шаҳар имом-хатиби ўринбосари Лазизбек Суярқулов “Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг жамият ривожига таъсири” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар саналади.
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ўз навбатида, давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда бўлаётган ўзгаришларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш ва жамият тараққиётида иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳар бир фуқарога ҳуқуқий саводхонлик зарур. Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, манфаатлари таъминланиши учун қонун билан белгиланган қўшимча афзалликлардан фойдаланиши ёки жамият ва давлат олдидаги ўз мажбуриятларини сидқидилдан адо этиши учун меъёрий ҳужжатларнинг моҳиятини, давлат сиёсатини, ислоҳотлардан кўзланган мақсадни англай билиши лозим. Ҳамда ўз мақсадларига эришиш орқали жамият ривожига ҳисса қўшиши зарур бўлади.
- “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тадбир ва учрашувлар мунтазам ўтказилади. “Адолат”нинг сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари туман(шаҳар)лардаги маҳаллаларда аҳолини кенг жалб қилган ҳолда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этиб келинмоқда. Жорий йилнинг шу кунига қадар ушбу лойиҳа доирасида вилоят бўйича партия ташаббуси билан маҳаллаларда партия фаоллари орасидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар томонидан вилоят бўйича жами 170 маротаба сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилди. Уларда 2825 нафар тингловчи қамраб олинди, – дейди вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ш.Эгамов.
Тадбирда якунида партия сиёсий Кенгашининг ўринбосари А.Раҳмонов самарали фаолияти учун шаҳар Кенгаши раиси Шаҳноза Аҳмедовани “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирлаб, келгуси ишларига омад тилади.
Шундан сўнг университетда ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига саёҳат уюштирилди. Фарғонанинг тарихи, маданияти, турмуш тарзи, илм-фан ривожига ҳисса қўшган фидойи фарзандлари ҳақидаги қимматли маълумотларни ўзида жамлаган мозий олами иштирокчиларда катта тааассурот қолдирди.
“Фаол ва ташаббускор хотин-қизлар – жамият тараққиётнинг муҳим таянчи!” шиори остида Фарғона шаҳридаги “Ибратли бекам” нодавлат таълим муассасасида давом этган тадбир ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди. Дастлаб, марказ ўқувчи қизлари томонидан тайёрланган либослар ҳамда таомлар кўргазмаси намойиш этилди. Марказдаги ўқув курслари фаолияти ҳамда хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда тадбиркорлик салоҳияти ва кўникмаларини оширишга қаратилган ташаббус ва лойиҳалари билан таништирилди.
- Қизларимизни ҳар жиҳатдан оилага тайёрлаш, бандлигини таъминлашга астойдли бел боғлаганмиз, – дейди марказ раҳбари Шаҳноза Ғаниева. – Қолаверса, вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган Аёллар қаноти раиси сифатида мурожаатлар асосида ижтимоий таъминотга муҳтож бўлган оила фарзандларини курсларда бепул касб-ҳунар ўрганишларини таъминлаб келмоқдаман.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг