Жамиятда одил судлов самарадорлиги ошадими?

16.08.2020 21:08:45

Мамлакатимизда қонун устиворлигига эришиш, янги қабул қилинадиган қонунларга ижтимоий адолат тамойилларини сингдириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва суд ҳокимияти нуфузини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга туртки бўлди. Қолаверса, бу муҳим ҳужжат Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган устивор вазифаларга ҳамоҳанглиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Кези келганда айтиш керакки, ҳали жамиятда одил судловни таъминлашда қатор муаммолар мавжуд. Бунинг устига судлар фаолиятида ноқонуний аралашувлар ҳам кузатилаяпти. Айрим судьялар ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашяпти. Мен аввалги йиллари Судьялар олий Кенгаши раисининг маърузасини ўқиб, очиғи ёқа ушлаган эдим. Оз эмас ўнлаб судьялар пора билан қўлга олинганлигини Судьялар олий Кенгаши раиси эътироф этганди. Шу ўринда мен яна бир ҳақиқатни айтиб ўтишни лозим топдим. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо қиляпти. Негаки, суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилганлар орасида айбсизлари ҳам бор. Айни кунларда ушбу ноҳақ айбланганлар бир неча йиллардан буён суд идораларида адолат истаб мурожаат қилишаяпти. Минг афсуски, жабрдийдаларнинг аризалари судлар томонидан ҳечдан кўра кеч бўлсада ҳаққоний кўриб чиқилмаяпти. Суд қарорларини адолатли ўрганишда чуқур таҳлил етишмаяпти.

Умуман олганда, Президентимиз Фармонидан сўнг судлар фаолиятидаги бу камчиликларга босқичма-босқич барҳам берилади. Шунингдек, бундан буён суд ишларини назорат тартибида кўриш интститути тугатилади. Фармонга асосан Олий Суд раиси, Бош прокурор ва ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда. Судлар қарорларини тортишув тамойилига амал қилган ҳолда қабул қилиш, жиноят ишларини кўришда дастлабки эшитув босқичидан фойдаланиш лозимлиги маъқул кўрилаяпти. Судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилаётгани ҳам суд қарорлари пишиқ, пухта ва халқчил, энг муҳими, адолатли бўлишини таъминлайди. Судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллик кафолатлари ҳам кучайтирилаяпти. Судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари ҳам кучайтирилмоқда. Энди бундан буён Фармонга асосан судларга тазйиқ ўтказиш тақиқланаяпти. Фаолиятида ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар сезилган тақдирда судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши белгиланмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳатлар муваффақияти бевосита суд-ҳуқуқ тизимида одил судловни таъминлашга ҳам боғлиқ. Шу туфайли ҳам биз давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони айни вақтида қабул қилинган деб ҳисоблаймиз.

 

Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати,

 

Гулноза РАДЖАБОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқдарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+