Янгиликлар 2426
Жамиятга соғлом қараш билан ўзимизни ислоҳ этайлик
Бир манзил бор … биласизларми, у манзил қандай? Мен ҳам билмас эдим. Аммо инсон ҳаётга келиб, жамият ичига сингиб кетар экан у манзилга қадам қўймасдан асло иложи йўқ. Гоҳида ўзингни ҳокисор тутиб, дунёни эзгу ишларинг билан безашга интилганинг сари қандайдир куч келиб йўлингга парда тўсади. Бу нафс … Ҳа, ўша қуриб кетгур нафс. Уни жиловлай олган кимсалар ўз ҳаётларини осуда ва беташвиш ўтказадилар. Тўғри, баъзан қийинчиликлар бўлиб туради. Аммо булар тезда ўтиб кетади. Чунки тўғрилик ва ҳалолликнинг залвори нафсдан устун туради. У енгилади! ..
Худди шу каби бирор бир амал курсисига ўтирган киши ҳам юқорида номи таъкидланган иллатга дучор бўлмаслиги учун йўл бор … Бу - ҳалоллик, тўғрилик йўли. Мен бир инсонни биламан. Ўзи фалон институтда фалон бўлиб ишлашига қарамай доимо пиёда юргани юрган … Озғингина жуссаси билан қанчаааа йўлни пиёда босиб, олийгоҳга ишга келади. Қўпол қилиб айтганда ахён-ахёнда алмисоқдан қолган «Жигули»сининг дарвоза қаршисида пайдо бўлиб қолганини кўриш мумкин. Ана шунда ўйлайман: демак, бугун машинасида келибди. Уни бунга нима мажбур қилади, дерсиз. Кимсан, фалончи бўлса … Қўли ҳар қаёққа етса … таниш-билиш, ошна-оғайни дегандек… Аммо юрак-юрагимдан ҳис қиламанки, уни бунга қалбдаги тўғрилик, ҳалоллик мажбур қилган. Шу сабабки, неча йиллардан буён ўз амалидан тушмай келяпти. Бироқ унинг қўлида ишлайдиган бир киши бунинг акси… кабинетига ким кирса, чиқиб кетгандан сўнг албатта, ёмонлайди. Унинг гапларига қулоқ берсангиз, «гипнос» қилингандек ростдан ҳам шунақамикин-а, дейсиз. Қайда зиёфат бўлса, ўша ерда ҳозир-у нозир. Бироқ ўзига лозим бўлса лаганбардорлик қилиб, нафсини қондириб олишни яхши кўрадиганлардан… Юқорида келтирилган амалдорнинг ўқишга қиритиб қўёлмаган нўноқ жиянини шундай мақтайдики, дунёда ундан ақлли инсон йўқдек таассурот уйғотади. Худо кўрсатмасин, шандайларга каттароқ амал тегиб қолса борми, кейин кўринг томошани.
Эътибор берган бўлсангиз, мен ёзиқларимни расмий оҳангда ёзишдан иложи борича қочяпман. Коррупция – тараққиёт кушандаси эканлиги бот-бот қулоғимизга сингдирилмоқда. Бироқ бу сўзни эшитган қулоқлар ҳам юзсиз қиёфа сингари пинак бузмай, амалда ўз билганича иш қилаётган бўлса, не ажаб. Буни кундалик ҳаётимизда юз берган кўплаб мисолларда учратамиз. Кечагидек ёдимда… олийгоҳга бир неча йил киролмасдан Тошкенти азим кўчаларида сарсон тентираганимда бир аёл билан бир неча кунга ижара хонадонда ҳамхона бўлдик. Даставвал, кўзимга ғалати кўринган аёл бироз ўтгач яхши суҳбатдошга айланди ва мен ҳақимда қизиқиб бир-икки савол ташлади. Кейин англасам диққат билан хатти-ҳаракатларимни кузатган экан. Эрталаб не кўз билан кўрайки, ҳамёнимда турган икки миллион саккиз юз минг сўм пулим йўқ. Мен у аёлдан пулимни олган-олмаганини сўрадим. У олганини тонди. Кўзим билан кўрмаганим учун мен ҳам бўйнига қўя олмадим. Йўл кирага деб олиб қўйган 150000 минг сўмдан бўлак пулим қолмаган эди. Не қиларимни билмай тўғри маҳалла участка нозири олдига бордим. Йиғлаб туриб бўлган воқеани айтиб бердим. У бўлса илжайганча уст-бошимга қараб (ўша куни шошганимдан уй кийимида кўчага чиқиб кетган эдим) шунча пулим бўлганига очиқ шубҳа билдирди. Хонасидан қувиб солди. Менга жуда алам қилиб кетганди. Мансаб курсисида ўтириб олган, оддий халқни назар-писанд қилмай ҳақорат қиладиган бундай кимсалардан жирканиб кетдим. Аслида шундай инсонлар эмасми халқнинг оёғини осмондан қилиб, ноғорасига ўйнатаётганлар, ҳақига хиёнат қилиб ўз нафси йўлидан қайтмайдиганлар. Шунда дилимга тугдим: албатта, келажакда шундай мутахассис бўламанки, шу каби инсонларни фош этаман! Бошимга тушган бу савдодан карахт ҳолда бор нарсаларимни йиғиштирб, ўз уйимга, вилоятга жўнаш ҳаракатига тушдим. Шунда бир аравакаш амаки қўлимдаги оғир сумкаларни кўриб, катта йўлгача олиб чиқиб қўйишни таклиф қилди. Мен рози бўлдим. Йўл-йўлакай бошимдан ўтган воқеани амакига сўзлаб бердим. Манзилга етгач, хизмат ҳақи қанча бўлишини сўрадим. Аммо у мендан пул олмаслигини айтди. Қотиб қолдим. Нахотки, кунини зўрға кўрадиган инсон бир мазлумга ёрдам берса-ю, пул олмаса… Нахотки шу аравакашда бор инсонийликнинг бир озгинаси томоғини нафс яғири босиб кетган миршабда бўлмаса. Автоуловда ўз уйим сари борарканман шу хаёллар менга тинчлик бермасди.
Коррупция нима ўзи? У ҳақида сўз кетганда нима тушунилади? Аслида, коррупцияни билиб-билмай барчамиз содир этамиз. Тан олайлик, фарзандимизни яхшироқ ўқитсин деб ўқитувчи чўнтагига пул солган ҳам ўзимиз. Мактабни тамомлаган боламизни яхшироқ олийгоҳда ўқисин деб қайсидир ваъдабознинг кетидан қоплаб пул кўтариб чопган ҳам ўзимиз. Ёки институтда мени қийнамасин деб домлаларнинг этагига пул сочган ҳам ўзимиз… Дипломини энди олган болам бирдагина «катта» бўлиб кетсин деб «ёғли» ишга жойлаштириш учун пора берган ҳам ўзимиз. Шундай экан, яна кимни айбдор қилайлик … Ҳар доим кимдандир ёки нимадандир айб излаганча, аввал ўзимизни тўғирлашдан бошлашимиз керак эмасми?! Ҳа … бу сўзлар аччиқ бўлса-да, ҳақиқат эканлигини тан олишимиз лозим. Агар 34 миллиондан ортиқ мамлакатимиз аҳолисининг ҳар бири бу саволни ўзига бериб кўрса, айбни ўзидан қидирса натижа эмас, натижалар пайдо бўлади. Коррупция умуман бўлмайди!
Ўзимизни қандай ўзгартирамиз? Аввало, жамиятга, атроф-муҳитга соғлом қараш билан ўзимизни ислоҳ этишдан бошлайлик. Фикрларимизни бошқаришни ўрганайлик. Зеро, ҳар бир ўйланган фикр ҳам ташқи оламимизда акс-садо беради. Биз битта мен ҳаракат қилганим билан нима ўзгаради, деб эмас, балки менинг ҳаракатим катта ишларга сабабчи бўлади, деб ўйлашимиз керак. Чунки, ҳар бир амалий иш кичик нарсалардан бошланади. Нафсингизни эса жиловланг! Чунки нафс келтирган балодан кўра, тўғри йўлда юриб топилган пулнинг ҳалоллиги сизга кўпроқ фойда беради. Ишонинг!
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг