Янгиликлар 341
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш - осойишта ҳаёт гарови
Сайловолди ғоялар
Мамлакатимиз фуқароларининг тинч ва осойишта ҳаёти юртимизда жамоат хавфсизлигининг қай даражада таъминланганлигига бевосита боғлиқдир. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнини самарали ташкил этиш учун эса, энг аввало, унинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш муҳим аҳамият касб этади.
“Адолат” СДП фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, бу йўналишда давлат органларининг масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш таклифини илгари сурмоқда.
Мазкур қонунни қабул қилиш зарурати қуйидаги омиллар билан асосланади:
биринчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги, давлат органлари ва ташкилотларининг бу соҳадаги ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, жамоат хавфсизлиги таъминланишини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи субъектлар ҳамда уларнинг ваколатлари қонун даражасида аниқ белгилаб берилмаганлиги;
иккинчидан, қонунларимизда “жамоат хавфсизлиги”, “жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими”, “жамоат хавфсизлиги объектлари”, “жамоат жойи” каби тушунчаларга ягона тарифнинг мавжуд эмаслиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур тушунчаларни талқин қилишда турли ёндошув ва зиддиятларни юзага келтирмоқда;
учинчидан, аҳоли гавжум бўладиган жойларнинг тури, ҳуқуқий мақоми, уларга аҳолининг келиши даражаси турличалиги ҳамда бундай жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда бир нечта давлат органлари ва ташкилотлари иштирок этиши боис уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва раҳбарлик ролини белгилаш зарурати вужудга келмоқда;
тўртинчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар фаол қатнашиб келаётган бўлса-да, уларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаганлиги туфайли ушбу масалаларни қонун даражасида мустаҳкамлаш зарурати мавжуд.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш асносида мазкур йўналишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштиради, дейишга имкон беради. Бу, ўз навбатида, жамият барқарорлиги ҳамда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Фикрингизни қолдиринг