Янгиликлар 1346
Жамоат хавфсизлигини таъминлашда самарали тизим жорий этилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
– Бу масалани охирги беш йилда бирор раҳбар, бирорта ташкилот жиддий ва таҳлилий муҳокама қилмаган. Бу соҳа бўйича қонунлар, ишлар мутлақо қониқарсиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи издан чиқиб кетган. Бу одамларнинг эътирозига сабаб бўляпти, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўринли кўтарилган масала юзасидан келтирилган рақамларга қарайдиган бўлсак 2021 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган ва энг ачинарлиси, 2 минг 500 га яқин одам ҳалок бўлган.
Президентимиз мазкур рақамларда юртдошларимизнинг бевақт оламдан кўз юмганлигини ва бу борада бирорта ҳам ташкилот ёки депутатнинг ўз вақтида ташаббус кўрсатган ҳолда, эътиборга олмаганлигини танқид остига олди. Эндиликда мазкур тизим шаҳсан давлатимиз раҳбари назоратида бўлиши ва йўл ҳаракати қоидалари эскирганлиги, энди халқаро стандартлар асосида мутахассислар ва депутатлар, ҳайдовчилар ва кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берди.
Қайд этилганидек, транспорт ҳодисаларининг кўпига ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини қасддан менсимаслиги ва тажрибасизлиги, пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боис, бу йил барча ҳудудларда «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» умуммиллий дастури амалга оширилиши таъкидланди.
Юртбошимиз қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб бу ишда барчани жонбозлик кўрсатиб иштирок этиши зарурлигини таъкидлаган ҳолда, аниқ талабларни белгилади.
Жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, бундан буён, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди. Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса, 1 балл, қизил чироқда ўтса, 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва қайта имтиҳон топширади. Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида «йўл безорилиги», деган янги жавобгарлик тури киритилади –деди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда Президентимиз ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда бир қанча мисоллар билан ўқитиш тизимидаги порахўрлик, илмсизлик ва мутасадди бўлган масъулларнинг эътиборсизлигини алоҳида таъкидлаб, масъулларга эскирган таълим тизимини, ҳайдовчиликка ўқитиш самарадорлигини қайта кўриб чиқиши ва бу борада назоратни йўлга қўйиш бўйича тегишли топшириқларни берди.
– Йўлларда тартиб-қоидалар илм билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини оқилона белгилаш лозим. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда мисоллар тариқасида келтирилганидек бу тизимдаги муаммоларнинг яқин йиллардан бери эътибордан четда қолиб, бундай оғир аҳволга келиб қолганлигини ва аҳоли учун хавфли ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда омилларни юртбошимиз англаган ва ўз дилидан ўтказган ҳолда, ўринли таъкидлади.
Келтирилган ҳолатларда нафақат ҳайдовчилар балки пиёдаларнинг ҳам эътиборсизлиги бор бўлиб, ҳар бир ҳаракат иштирокчисининг бефарқ ёки илмисиз қилинган хати-ҳаракати натижасида салбий ҳолатларни келтириб чиқарганликларини ҳам кузатиб боряпмиз. Ишонамизки, Президентимиз ташаббусни ўз қўлига олган эканлар, шу йилнинг ўзида мазкур кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида белгиланган топшириқлар ўз ижросини топади ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда самарали тизим жорий этилади. Ўз ўрнида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» умуммиллий дастурини амалга оширишда нафақат барча маҳаллий давлат ҳокимияти органлари балки, депутатлар, кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиш зарур.
Султан Камалов,
халқ депутатлари Нукус шаҳар
Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг