Янгиликлар 664
Жамоатчилик назорати: «Оқ булоқ» «адолатчилар» эътиборида
Мактаб ўқувчилари учун ёзги таътил бошланди. Фарзандларимизни соғломлаштириш ва кўнгилли дам олишларини ташкил этиш ҳар бир ота-онани ўйлантириши аниқ. Бу борада оромгоҳлар энг яқин кўмакчи. Савол туғилади: оромгоҳлар мавсумга тайёрми? Яратилган шароитлар қандай?
Ўзбекистон « Адолат» СДП Андижон вилоят Кенгаши фаоллари юқоридаги саволларга жавоб топиш мақсадида болалар оромгоҳларида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишларини олиб бормоқдалар. Жумладан Жалақудуқ тумани, Охунбобоев МФЙда жойлашган «Оқ булоқ» болалар соғломлаштириш оромгоҳида бўлган партиядошларимиз муассаса ҳаёти билан танишдилар.
150 ўринга мўлжалланган мазкур маскан ўзининг гўзал табиати билан эътиборингизни тортади. Спорт майдончаси дам олувчиларни турли спорт ўйинлари билан шуғулланишга чорлайди. Ахборот ресурс маркази ва компьютер хонаси билимларни оширишга хизмат қилади.
Ётоқхона, ошхона ва тиббиёт хоналари ҳам замонавий кўринишда, кўнгилдагидек жиҳозланган. Озиқ-овқат омбори витаминларга бой маҳсулотлар билан тўлдирилган. 36 турдаги дори воситалари дам олувчиларни соғломлаштириш мақсадида олиб келинган.
12 кунлик дастур ранг-баранг тузилган. Кунлик тадбирлар кичкинтойларни билимларини мустаҳкамлашга, ўзаро куч синашишига қаратилган. «Энг фаол китобхон», «Энг чаққон бола» каби танловлар уларни фаолликка бошлайди.
Барнохон Бозорова, Ўзбекистон «Адолат» СДП Жалақудуқ туман кенгаши раиси:
-Фарзандларимиз учун оромгоҳлар энг муносиб жой бўлиши керак. Бугун «Оқ булоқ»ни ўрганиш давомида бунга амин бўлдик. Бугунги болалар жуда бахтли. Ёзги таътил давомида мароқли дам олиб, янги куч тўплашларига ишонамиз. Бу борада оромгоҳ масъуллари ҳар бир ишга эътибор билан қарамоқда.
Андижонлик «адолатчилар» оромгоҳларда ўрганиш ишларини давом эттиради.
«Адолат» СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг