Янгиликлар 2955
Жамоатчилик палатаси – халқ фикрларининг кўзгуси
Бугунги кунда аҳоли мурожаатлари, шикоятлари билан ишлаш бўйича аниқ ва самарали тизим яратилган. Аммо партия депутатлари, фаолларининг жойларда электорат вакиллари билан учрашувларида аҳоли ташаббуси, таклифларини қўллаб-қувватловчи, уларни керакли органларга етказувчи давлат органлари билан фуқароларни бир-бирига боғловчи “ришта”ларнинг етарли эмаслиги маълум бўлди.
Президентимизнинг жорий йилдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида бу масалага алоҳида урғу бериб “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади” – деб кўрсатиб кетдилар. Ва сўзларининг исботи сифатида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қилдилар.
16 апрель куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон билан Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил этилди.
Ушбу қарор кўпчилик қатори “Адолат” СДП вакилларини ҳам қувонтирди. Чунки аҳоли таклифлари асосида шакллантирилган партия дастурида ҳам мамлакатимизда мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолиятини кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва уларнинг фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати механизиларини яратиш юзасидан бирмунча вазифалар белгиланган. Бунда асосий эътибор давлат органларининг фаолияти шаффофлиги ва очиқлиги ҳамда НТТлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича амалдаги қонунчилик базасини такомиллаштириш ва ўзгартиришлар киритишга қаратилган. Имзоланган ушбу фармон билан юқоридаги вазифалар ўз ечимини топиши белгиланмоқда.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятлари тугатилиши ҳамда “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилиши ҳам кўрсатилган. Бу эса давлат органлари ва халқ ўртасида мулоқотнинг янги поғонага кўтарилиши, халқнинг, жамоатчиликнинг назорати янада кучайиши, давлат ва жамият ўртасидаги узвий ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларининг кенгайишида мустаҳкам пойдевор ясайди.
Жамоатчилик палатаси халқнинг хоҳиш-иродасини ифодалашга, давлат хизматчилари ва органларининг аҳолимиз олдидаги мажбуриятларини сидқидилдан бажаришларига, фуқароларимизнинг давлат томонидан шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларининг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда Жамоатчилик палатасининг НТТлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошини қовуштиришда, халқимизнинг фикрлари ва хоҳишларини, давлат органлари фаолиятидаги камчиликларни ҳамда уларнинг қонунчилик билан аниқ белгиланмаган қирраларини акс эттирувчи “жамоат кўзгуси” бўлишига ишончимиз комил.
Таваккал Чориев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг