Янгиликлар 1048
ЖАМОАТЧИЛИК ПАЛАТАСИ – НАЗОРАТНИНГ ЗАМОНАВИЙ ШАКЛИ
МУНОСАБАТ
Инсонпарварликнинг талабларидан бири – бу эътиборлилик, ҳурмат. Шу маънода фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида инобатга олиш, ўз мурожаати ечимига умидвор бўлиб турган инсон қадрига беписандлик қилмасдан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, лоқайд вазирлик, идоралар мутасаддилари ҳатти-ҳаракати устидан парламент назоратини ўрнатиш, бунда Жамоатчилик палатаси, Халқ қабулхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кун мавзусидир.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истакдан пайдо бўлиб қоладиган оддий ҳодиса эмас. Балки бунинг тарихий илдизлари, асослари бор. Келажак учун белгиланган аниқ режалари мавжуд. Бу – мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив зарурати Ўзбекистон Республикасининг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида ўз исботини топди.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистоннинг пойдевори “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил асосида қурилади. Тараққиётнинг асл стратегияси ҳам юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадриятда деб белгиланишидадир.
Зеро, “инсон – жамият – давлат” тамойили миллий ривожланишимизнинг бош мезони деб белгиланиши ҳам ҳар қандай ислоҳотлар, ҳар қандай ташаббусслар, ҳар қандай таклиф-мулоҳазалар замирида инсон, унинг манфаатлари, қадри, ғурури, розилиги турганлиги ҳам айни ҳақиқатдир. Шу мақсадда ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стретегик йўлимизни янада изчил давом эттириш ҳар бир биримиздан интизом, масъулият, қатъиятлик, куч ва иродани талаб этади. Ўзбекистон халқининг ўз тараққиёти учун кейинги беш йилликка қилган адолатли танлови инсонни қадрлашдаги янги имкониятларни кун тартибига қўйди.
Жумладан, миллати, тили ва динидан қатъий назар, юртимиздаги барча аҳолининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси илгари сурилмоқда. Жойларда халққа яқин тизим – бу маҳалла. Шу асосда маҳалланинг ваколатлари ва мажбуриятлари қайта кўриб чиқилиб, эндиликда маҳалла ўзининг асл вазифаси, яъни маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оиладаги соғлом муҳитни шакллантиришга масъуллиги белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик ва сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик. Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди, деди давлат раҳбари.
Унинг “иккинчи йўналишида адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифаларини қамраб олган. Шу мақсадда судлов тизими ва адвокатура институти, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти такомиллаштирилади” – деди.
– Раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак, – деди Президент.
“Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро янада яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи” мени жуда эътиборимни тортди ва уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш юзасидан ўз фикрларимни билдиришни лозим деб ҳисобладим.
Бундан бир неча йиллар аввал, мен Россияда жамоатчилик палатаси борлигини эшитиб, унинг фаолиятини ташкил этиш ва юритиш тартиби билан қизиқиб, ўрганиб чиққан эдим. Шу даврда вилоят депутати сифатида Тошкент вилоятида қўллаб кўриш таклифини киритган эдим, лекин ижобий жавоб олаолмаган эдим.
Россиянинг жамоатчилик палатаси – бу жамиятни давлат хокимияти ва ўзини ўзи бошқариш маҳаллий органлари билан муносабатини таъминлайдиган, Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, манфаатлари ва қизиқишини ҳисобга олишни мақсад қилган ташкилот.
Унинг асосий вазифаси - оддий фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, қонун ишлаб чиқиш жараёнида ҳисобга олинаётганини назоратга олишдир. У кўнгиллилик асосида фаолият кўрсатади. Жамоатчилик палатаси 2005 йил апрелда ташкил этилган. Унинг аъзоларига маош тўланмайди, аммо худудий бирлашмаларига конференция ўтказганларида бориш-келиш транспорт, ётоқ ва бошқа харажатлар тўланади.
Қонуний базаси. Жамоатчилик палатаси Россия Федерал қонунига асосан, шакллантирилиб, уч йилга сайланади. Фуқароларнинг давлат, ўзини ўзи бошқариш маҳаллий органлари билан фуқароларнинг манфаати ва қизиқишларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳисобга олиб, муносабатларини ташкил этиш мақсад қилинган. Шунингдек, жамоат бирлашмаларининг давлат сиёсатида назоратни шаклланиши ва ижро органларини амалга ошириши, инсоннинг мажбурий сақлаш жойида ҳуқуқларини таъминлаш сиёсатини амалга оширилишига кўмаклашади.
Жамоатчилик палатасига аъзо сифатида тасдиқланишга тавсия этилган шахслар, Россия Федерацияси Президенти Фармони билан Жамоатчилик палатасини тўла шаклланишига киришишлари таклиф этилган.
Қонунга кўра, жамоатчилик палатасининг фаолияти фуқароларни манфаатларини жамоат бирлашмалари, давлат органларида ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида ижтимоий-иқтисодий энг муҳим масалаларни уйғунлаштириш, миллий хавфсизликни таъминлаш, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда конституцион қурилиш, ва демократик жараёнларни ривожлантиришга қаратилган.
Жамоатчилик палатаси, муҳим ижтимоий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини ва давлат ижро органининг ҳуқуқий меъёрий қонун лойиҳаларини ва маҳаллий ўз ўзини бошқариш органларининг ҳуқуқий расмий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизаси(текшириши)дан ўтказади.
Жамоатчилик палатасини шакли. Биринчи ялпи мажлисда унинг шакли тузилган. Жамиятнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маълум бир комиссиялар тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Жумладан:
- Ижтимоий ривожланиш ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича комиссия;
- Қонунчиликни мукаммалаштириш ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларини назорат қилиш масалалари бўйича комиссия;
- Миллатлараро ва конфессиялар ўртасидаги масалалар бўйича комиссия;
- Маданий ривожланиш ва маънавий қадриятларни асраш ва ОАВлари билан ҳамкорлик бўйича комисссия;
- Ёшлар сиёсатини амалга ошириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари бўйича комиссия.
Жамоатчилик палатаси Кенгаши таркибига комиссиялар раиси, шунингдек палата котиби ва ўринбосарлар киради. Жамоатчилик палатасининг аппарати, қонунга кўра, палата фаолиятини таъминлайди ва котиб раҳбарлигида ишлайди.
Россия Федерацияси палатасининг раиси, РФ Ҳукумати раиси фармойишига биноан тайинланади.
Вилоятларда Жамоатчилик палатаси – маслаҳат овози ҳуқуқига эга, у вилоятда давлат ва жамоатчилик органлари ўртасида муносабатларни таъминлайди.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатидан “жамоатчи” кимлигига карасак, у жамоат ишларида жонбозлик кўрсатувчи; активист деб, “Жамоатчилик”ни эса, жамоат, жамият ва унинг илғор қисми, жамоат ишларида актив қатнашиш, активлик; Жамоатчилик асосида ёки жамоатчилик йўли билан жамоат кучи, фаолияти билан, пулсиз деб тавсифланган.
Бизга яхши маълум, ҳар бир жамоада, аҳоли орасида, давлат, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотларида бундай жамоатчиларни кўплаб учратиш мумкин. Улар жамоаси, аҳолиси қолаверса халқи, ватани равнақи йўлида жон куйдириб, фидойилик билан жамоат ишларда фаол (актив) қатнашадилар. Улар бирон органга сайланмасада, лавозимга тайинламаса ҳам, маош олмаса ҳам халқига беминнат хизмат қиладилар. Ундай жамоатчиларни биз кўпроқ маҳалла фуқаролар йиғинларида, кекса пенсия чиққан давлат, жамоат ишларида, корхона ва ташкилотларда, қишлоқ хўжалигида сидқидилдан, фаол, фидойилик кўрсатиб ишлаганлар ўртасида учратамиз.
Булар фикри-зикрини, мулоҳазасини, бирон ишнинг, нарсанинг аҳволи, бориши, кишининг юриш туриши ва шу кабилар устидан доимо кузатиш, текширишда “андиша” қилмай кетини, оқибатини ўйлаб ёки юз-хотир қилиб юрмай мулоҳаза қиладилар, эҳтиёткорлик қилиб, ўтирмай, умуман фикр, мулоҳаза юритадилар. Юз-хотир қилмай, холисона камчиликни баратараф этишга, қонун, қоида бузилишларига муросасиз бўладилар ва муаммоларни ечимини ахтариб топиб, ечимига ҳам эришадилар.
Бундай шахслар малакатимизнинг барча худудларида, тормоқ, соҳаларда ва яшаш жойларида ўзлари ишлаётган корхона, ташкилот, муассасаларда, тадбиркорлик қилиб, самарали меҳнат қилиши билан бирга, жамоатчилик ишларида фаоллик кўрсатишади.
Маълумки, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугун бундай ташкилотлар демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Натижада уларнинг сони йилдан-йилга ортиб, фаолият кўрсатиш соҳалари ҳам кенгаймоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳанинг турли йўналишларида, хусусан, тадбиркорликни, спортни ривожлантириш, экологияни асраш, имконияти чекланган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби турли соҳаларни қамраб олган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини кенг оммага етказиш ва фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари, ўзининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда фаолиятининг доимийлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларини таъсис этган.
Қисқача айтганда, нодавлат нотижорат ташкилотлари кўплаб хайрия тадбирлари ўтказиб, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватламоқда.
Бунинг ҳаммаси юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар фуқаролик жамиятини шакллантириш нақадар аҳамиятли масала эканлигидан далолат беради.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи” юқоридаги барча жамоатчи, жамоатчиликни бирлаштирувчи Жамоатчилик палата эканлигини назарда тутилаётган бўлса ажабмас.
Уларнинг фаоллигини эътиборга олиб, қонун, қарор ва меъёрий қоидаларни назоратини, фақат шундай ишларни олиб борувчи давлат муассасаси, бўлими, инспекцияларига ёки вазирликлар ёки идоралардаги кам сонли ходимларга юклаш билан эмас, балким, ҳар бир иш, нарсанинг ахволи, кишиларнинг юриш-туриши ва шу кабиларнинг устидан доимий кузатиш, кенг қамровли, назоратни ташкил этишга қодир жамоатчилик ихтиёрига бериш бизнингча давр талаби.
Давлат назоратининг эътиборидан чекада қолаётган ишларга ҳам жамоатчилик назорати етиб боришига, унинг миқёси фаолликларга таяниб, йўналтирилса, белгиланган аниқ мақсадларга сафарбар этилса, давлат назорат органларига жуда катта кўмак ҳосил қилиниши мумкин. Хаттоки, Жамоатчилик палатасининг фаолияти жамоатчилар билан изчил ташкил этилса, ўйлайманки, келгусида давлат назоратига эҳтиёж қолмаслиги мумкин. Назаримда, Президентимиз мурожаатидаги бу таклиф шуни айнан кўзда тутган бўлса, ажабмас. Бу мурожаатда белгиланган вазифаларни ижросида давлат дастурларини назоратида, хатто коорупцияга қарши курашда ҳам катта куч дейиш мумкин.
Биламизки, орамизда шундай инсонлар борки, уларни бирон-бир давлат органидаги лавозимга тайинланмаган, сайланмаган бўлса ҳам фидойилик кўрсатиб, ўз холис хизматини рағбат-имтиёзларсиз, Ватани тараққиёти, худуди, маҳалласи ободончилигига ҳиссасини қўшиб келмоқда. Уларга фикри-мулоҳазасини тинглайдиган, таклифини, мурожаатларини ўрганиб чиқадиган ва қўллаб-қувватлайдиган ташкилот керак эди. Таклиф этилаётган палатада улар ўзини яна ҳам намоён қилади.
Агар улар Жамоатчилик палатасига аъзо этилиб, жамоатчилик назоратига гуруҳларида вазиятни чуқур ўрганиши ва тегишли таклиф, ташаббуслари, тезда ўрганиб чиқилса, кўпдан-кўп муаммолар ижобий ечимига тезкорлик билан амалий кўмак берилган бўлар эди.
Бу сифатга эга кишиларни жамоатчилик палатасига аъзо қилиб, уларга аъзолик гувоҳномаси бериб, йўналтирилиб турилса, уларнинг палатада, ОАВларида чиқишлари, фикрларини эркин ифода этишларига шароит яратилса кўп яхши ишлар қилишлари мумкин.
Мен буни Россия жамоатчилик палатаси аъзоларини ОАВларидаги чиқишларида кўп марта кузатдим. Шу ўринда Россиянинг тажрибасидан фойдаланиб, ўз юртимизга мос шаклдаги Олий Мажлиснинг палаталари каби, Ўзбекистон “Жамоатчилик палатаси”ни шакллантириш, сенат аъзоси, депутатлар каби, эл ҳурматига ва ишончига сазовор “жамоатчилик палатаси аъзоси” деб номланган кучли жамиятнинг вакиллари етишармиди.
Назаримизда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда Сиёсий партиялардан тавсия этилган, лекин сайланмай қолган номзодлардан ичидан танланса, партияларнинг вакиллари, шунингдек, корхона, ташкилот, муассаларда кўп йил самарали ишлаб, пенсияга чиққан кишилар, маҳалладан фаоллик кўрсатиб келаётганлардан танланса мақсадга мувофиқ бўларди.
Бунинг учун Жамоатчилик палатасининг республикадаги таркибини ва раҳбарини – Олий Мажлис Сенати тавсиясига биноан Президент фармони билан ва вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари таркиби ва раҳбарини – шу вакиллик органларнинг Кенгашлари тавсиясига биноан – хокимнинг фармойиши билан тасдиқланса, уларга катта ишонч ва маъсулият юклатилар эди.
Бу жамоатчилик палатаси аҳолини дарди, муаммолар, вазиятдан (пульс) яқиндан хабардор бўлган ҳолда, қонунчилик ташаббуси, қонунларга ўзгартириш киритиш, қонуности ҳужжатларига таклифлар тўплаш ва умумлаштиришга кенг жамоатчиликни жалб этиши ва уларнинг фикридан фойдаланиб, қонун ҳужжатларини янада пухта тайёрлашда, халқчил бўлишига юзлаган, минглаган бошларни ишлатиб (мозговой штурм), катта ёрдам бериши мумкин.
Фикримча, “Жамоатчилик палатаси”си фаолиятини нафақат Республика, вилоятда, шу жумладан, туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этиш керак.
Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган Қонун ташаббускорининг ёки ўзгартириш таклифи билан чиқилган қонун лойиҳалари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига, тегишли ташкилот, муассаса, унинг ўтган таклифлардан иборат бўлиши керак. Чунки, қонун ўз ичига республика миқёсидаги барча умумий талаблардан ташқари, худуд ва тормоқнинг шароитларидан келиб чиққан, манфаатларини тўлиқ ифода этилишига ёрдам беради. Агар у вилоят, туман ва шаҳарлардаги тузилган “Жамоатчилик палатаси” фаолияти орқали амалга оширилса, муҳокамалар кенг миқёсда ва олинган таклифлар кўпаяди.
Шундай экан бу билан вилоят сессиясида тасдиқланган “Жамоатчилик палатаси” шуғулланиб бориши, унинг фаолияти ҳамкорлик ва умумлаштиришдан иборат бўлиши, яъни қонунчилик ташаббуси, қонунларга ўзгартириш киритиш, қонуности ҳужжатларини таклифлар вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида тўплаб, таҳлил этиб, Олий Мажлис ёки Сенатга тақдим этишга вилоят Кенгашларига киритилиши керак.
“Жамоатчилик палатаси” аъзолигига ҳоҳловчи, мамлакат, вилоят, туман ва шаҳарни ижтимоий-иқтисодий, маданий, маънавий ривожланишини яхши биладиган, тажрибали, фидоий инсонлардан бири бошчилик қилса, унинг ёрдамчиси (котиби) ва аъзолари этиб, ҳар бир сиёсий партиядан, ННТ вакилларидан, ўзини ўзи бошқариш органлари, мутахассислардан иборат кишилар тавсия этилиши мумкин, шунингдек, пенсионер онахон-отахонларнинг фаолларини ҳам жалб этиш самара бериши мумкин.
Адлия, прокуратура, ички ишлар вакиллари (юристлар), соҳалардан (ўрганилаётган тармоқ бўйича) тажрибали мутахассисларнинг ёрдами керак бўлса, масалаларни чуқур ўрганилишига, умумлаштириш ва эшитувларни ташкил этишга имкон яратади.
Палата ўз йиғилишлари, муҳокамали масалаларини заруриятга қараб ўтказиши, унинг учун маҳаллаларда, маданият уйларида, чойхона каби жойларни маскан қилиб олишга рухсат бериш керак.
Палатанинг республика, вилоят, туман ва шаҳар раҳбарияти учун хоналар ажратилса, “Жамоатчилик палатаси” портали очилиб, радио, телеканалларда чиқишлари, жойлардан тушган мурожаатларни умумлаштиришга қулай шароит яратиш керак бўлади.
“Жамоатчилик палатаси” учун вилоят, туман, шаҳар мавзулар муҳокамасига алоқадорларни ва қизиқиш билдирган истаган фуқарони ҳам таклиф этиши, лойиҳаларга нисбатан очиқ-ойдин фикр билдиришига (танқидий, эътирозли муносабатлар) имкон яратиш, теле, видео тасвирларга тушириш, стенограмма қилиниши, кейин саралаш таҳлил қилиб, якуний таклифларни депутатлар орқали вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари муҳокамасигача киритиш, амалиётларини жорий этиш, мақсадга мувофиқ бўлади.
“Жамоатчилик палатаси” қошида шунингдек, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоясида, қонун ва қарорларнинг ижросини ўрганиб бориши учун “Жамоатчилик назоратини депутатлик гуруҳлари, давлат ва идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ташкиллаштириш, унинг таркибини доимий, ёки мавзудаги масаланинг долзарблиги ёки фавқулодда ташкиллаштиришга қараб, тузилиши ҳам яхши натижа бериши мумкин.
“Жамоатчилик назорати мониторинг қилиш орқали объектлар, соҳа ёки тормоқлар ўрганилса, ва унга Халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари ва сиёсий партияларнинг Кенгашлари ҳамда “Жамоатчилик палатаси”сининг иш режаларини ижтимоий ҳамкорлик асосида шакллантирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бизнингча, ушбу шаклда ташкил этилган “Жамоатчилик назорати”нинг кузатиши, фуқароларнинг эркин мурожаатлари, электрон аризаларини жамоатчилик асосида кўрилиши, ижро органлари ва ташкилотларининг асосий вазифаларини бажаришда, айниқса, тиғиз ишлари бўлган пайтларда, махсус маош тўланадиган штат бирлигини асосий ишидан ажратмасдан, шунингдек, турли назорат органлари текширувларини ташкил қилмасликка олиб келиши мумкин. Чунки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари ўз фаолияти доирасида жойларда аҳоли билан, ҳамма вақт ҳам уларнинг орасида бўлиб, уларни дарди, қизиқтираётган, муаммоли масалаларларинн жамоатчилик палатаси аъзоси сингари, сўраб-суриштириб, ўргана олмайди.
“Жамоатчилик палатаси”нинг фаолиятини ривож топишига уларга яратган қулайликлар, яъни, ўрганилаётган жойларга қаршиликсиз кириши, кузатишлари учун рухсат этилиши, мобил алоқа воситаларидан фойдаланишга имкон туғдириб берилса, назорат учун кенг шароит яратилган бўлар эди.
“Жамоатчилик палатаси”ининг аъзоси сифатида фаолиятида, диққатга сазовор ишларни амалга оширган ҳолатлари (иқтисодий самара, ҳам моддий-маънавий манфаатдорликни таъминлайдиган таклифлари рағбатлантирилиб) ҳақида оммалаштирилса, бошқаларга намуна ва халқ фаровонлигига бундай фаоллик яна ҳам ошади ва холис хизмат қилиши мумкин.
Президентимиз маърузаси билан танишар эканман, унда олға сурилаётган адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифаларини ғоялари «Адолат» СДПнинг сайловолди дастуридаги “қонун устуворлиги” қоидаларга мос тушганлигидан ҳам қониқиш ҳосил қилдим. Чунки аниқ шу дастурда партиямиз ўзининг иқтисодиёт в ижтимоий соҳаларда инновацион тараққиётнинг, яратилган моддий бойликлара адолатли тақсимланишининг, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига амал қилишнинг, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигининг фаол тарафдори эканлигини баён этганлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг тантанали маросимдаги маърузасини Сиёсий Кенгаши, туман, шаҳар вилоятларда, бошланғич партия ташкилотларида аъзоларимиз, электорат ўртасида, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг муҳокама этиб, партиямиз фракциясига таклиф киритиш, тегишли қонун қилиниши ва уни рўёбга чиқариш орқали халқимизни олдимизда турган вазифаларни бажаришга сафарбар этиш орқали ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.
К.ШАДИМЕТОВ
и.ф.н. академик,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фахрийлар Кенгаши раиси,
“Инновация ва муқобил энергетика
тарғиботи маркази раҳбари
Фикрингизни қолдиринг