Янгиликлар 614
Жанубий Корея – тинчлик, эзгулик ва ҳамжиҳатлик мамлакатидир
Жанубий Корея Шарқий Осиёда тараққиётнинг ойдин йўлига чиқиб олган мамлакат. Дунёнинг энг жадал ривожланаётган давлатларидан бири. Унинг тарихий юксалиш даврига эътибор берадиган бўлсак, 1960 йилларда жуда қолоқ бўлган. Аҳоли жон бошига даромади Африкадаги давлатлардан ҳам кам бўлганлигини кўрамиз. 2020 йилга келиб эса Жанубий Корея дунёда ривожланган давлатлар қаторига чиқиб олди. Айни пайтда Жанубий Корея дунёдаги 130 та мамлакат билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Мамлакат экспортининг катта қисмини электроника, автомобиллар, юк машиналари, юқори технологиялар ташкил қилади. Шу ўринда яна бир эътиборни тортадиган жиҳати Жанубий Корея инновация соҳасига катта куч сарфлаяпти. Шунингдек, ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизини илмий тадқиқот ва ишланмаларга йўналтиради. Мисол учун Ўзбекистонда бу кўрсаткич 0,8 фоизга етади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таълим ривожига жуда катта эътибор берилмоқда. Хусусан, Жанубий Кореяда ҳам ўз даврида таълимга катта инвестиция киритилгани боис, саводхонликда юқори кўрсаткичларга эришилган. Шу туфайли ҳам давлат тез тараққий этиб борди. «DAEWOO», «SAMSUNG», «HYUNDAI», «LG Electronics» каби компанияларда инсон ақл заковати ила ишлаб чиқарилаётган замонавий маҳсулотлар жаҳон афкор оммасининг диққат эътиборини ҳали –ҳануз тортиб келмоқда. Шарқий Осиёнинг «иқтисодий мўъжизаси» дея эътироф этилаётган Жанубий Корея халқининг ўртача ойлик маоши уч минг АҚШ долларини ташкил қилади. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 83,5 ёш.
Дарвоқе, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида Жанубий Корея муҳим ўрин тутади. Шу туфайли ҳам мамлакатимизга Президентимиз таклифига биноан ташриф буюрган Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёл билан бўлиб ўтган музокараларда стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Халқаро майдонда икки давлат бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани қайд этиб ўтилди.
Корея Республикаси Президенти Янги Ўзбекистон боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Пойтахтимиздаги «UENTER» ишбилармонлик марказида бўлиб, Ўзбекистонлик ёшларнинг инновацион таълимда эришаётган ютуқлари, муассасадаги қулайликларни кўрди. Илмга чанқоқ мамлакатимиз ёшларининг Кореядаги олийгоҳларда ўқишни давом эттиришга иштиёқи Президентга маъқул бўлди.
Бундан роппа-роса 87 йил аввал Корейс халқи яшаб турган жойидан мажбуран кўчирилган эди. Шунда 74 мингдан ортиқ корейсларга халқимиз бошпана берган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда яшаётган корейслар кўпайиб, 185 минг кишига етди. Корея Республикаси Президенти Корейс Маданият Маркази Ассоциацияси корейс диаспораси вакиллари билан самимий мулоқот қилди. Ўзбек ва корейс халқларининг дунёқараши ва урф-одатлари ўхшаш эканлигини ҳис этди. Пойтахтимиздаги марказий кўчаларнинг бири Сеул номи билан аталаётгани, «Дўстлик» боғида ёдгорлик монументи очилгани, Корея маданияти уйи қуриб фойдаланишга топширилгани икки халқ абадий дўстлигининг яна бир ёрқин тимсоли эканлиги учрашувда қайд этиб ўтилди.
Айни пайтда мамлакатимизда Корея Республикасидаги нуфузли 4 та университет ўз филиалини очган. Шулардан бири Аджу университети ҳисобланади. Мен Жанубий Кореяда ана шу Аджу университетининг халқаро муносабатлар йўналишида магистратура босқичида таҳсил олганман. У ердаги таълим тизими бизнинг юртимиздагидан анча фарқ қилади. Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида мажбурий ва танлов фанларнинг ўқитилиши ва ушбу фанлардан қайси профессор-ўқитувчиларнинг дарс бериши асосан университет томонидан белгилаб берилади. Жанубий Кореяда эса қайси танлов фанларининг ўқитилишини талабаларнинг ўзлари ҳал қилади. Бундан ташқари, университетда маъруза ва семинар машғулотларининг соатлари камроқ бўлганлиги учун талабалар эркин, мустақил изланишлар олиб боришлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун имконият яратилади. Ҳар бир талаба ўз иқтидори, қобилиятини ҳар томонлама намоён этиши учун кенг имконият яратилган. Таълим тизимида коррупция аралашувига мутлақо йўл қўйилмайди. Билими зўр, иқтидорли талабалар олийгоҳни тугатиши биланоқ, вазирлик, давлат идоралари, хусусий компанияларга иш билан дарҳол таъминланадилар. Корея таълим тизимида яна бошқа ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп.
Ҳозир қарийб 51 миллиондан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилаётган Жанубий Кореяда қонун устуворлиги таъминланган. Ҳамма жойда корейс халқи тартиб қоидага қатъий амал қилади. Тақиқланган жойда чиқинди улоқтирсангиз, шу заҳотиёқ жаримага тортиласиз. Жамоат жойида баланд овозда гапириш, автомобиль йўлида ҳайдовчи айниқса, светофорда сигнал бериб бошқа ҳайдовчиларни хавотирга тушириши жавобгарликка сабаб бўлади. Умуман, белгиланган тартибга вазирми, амалдорми, ёшу-қари ҳамма бирдек амал қилади. Бизнинг Ўзбекистонда эса бағрикенглик, кечиримлилик шу қадар кучлики, ундан айрим юртдошларимиз ўз билганларича фойдаланиб, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймоқдалар.
Жорий йил давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан Жанубий Кореяда Ўзбекистоннинг савдо уйи очилгани тадбиркорлар учун яна бир имкониятлар эшигини очди. Шу кеча-кундузда ватандошларимиз ана шу савдо уйи орқали Корея Республикасига 50 турдаги маҳсулотларни экспорт қилмоқдалар. Ўз навбатида мамлакатимизда Кореянинг 726 та корхоналари фаолият юритаётгани ҳам қувонарлидир.
Парламентлараро алоқалар йилдан йил яхшиланиб бормоқда. 2023 йилдан эътиборан савдо, иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўтган йили Кореядан Ўзбекистонга 35 минг сайёҳатчи келиб, юртимиз билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида эса 7600 нафар Кореялик сайёҳ юртимизга келди.
Ташриф давомида инновациялар ва технологиялар, энергетика, электроника, электротехника каби халқ хўжалиги соҳалари билан бирга таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама марказида бўлди.
Жанубий Корея мамлакатимизда яримўтказгичлар соҳасида илмий ишлаб чиқариш кластерини барпо этади. Икки мамлакатнинг юқори технологияли ва инновацион ҳамкорлигининг янги даврига қадам қўйилди. Кимё саноатида «яшил» водород ва аммиак, тайёр резина- техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади. Келгуси йил Жиззах вилоятида KIA автомобиллари учун 60 мингдан ортиқ седан ишлаб чиқарила бошлайди.
Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари асосида замонавий иссиқхона ва боғдорчилик мажмуаларини барпо этиш юзасидан икки томонлама келишувларга эришилди. Президентлар маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Кореянинг ихтисослаштирилган марказларида тиббиёт ходимларининг малака ошириши йўлга қўйилади. Шу билан биргаликда катталар учун шифохона ва онкологик клиникани ўз ичига олган тиббий кластер лойиҳалари бўйича ҳам ўзаро келишиб олинди. Ўзбекистон Корея фан ва технологиялари институти (KAIST) модели асосида институт ташкил этиладиган бўлди. Келгуси йили «Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро алмашинувлари йили» деб эълон қилинди.
2027 йилда мамлакатимизда корейс диаспораси яшаб келаётганининг 90 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан Тошкент шаҳрида музей ва кутубхона очишга келишиб олинди. Умуман олганда, турли йўналишларда Ўзбекистон ва Корея ўртасида жами 17 та ҳужжат имзоланди.
Олий мартабали меҳмон дунё саҳнида халқимиз маданияти ва миллий давлатчилигимиз тарихининг тимсоли, меъморлик санъатимизнинг буюк намунаси дея эътироф этилган Самарқанд шаҳридаги бетакрор обидаларни томоша қилди. Ташриф самарали кечгани, давлатлараро қатор манфаатли келишувларга эришилгани, имзоланган ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини ҳам таъкидлади.
Мен Ўзбекистон «Адолат» СДП аъзосиман. Мустақил тадқиқотчи сифатида Корея Республикасининг ташқи сиёсати бўйича ўз илмий изланишларимни олиб бораяпман. «Янги аср» университети ва Тошкент шаҳридаги иқтисодиёт ва технологиялар университети (Туркия унивeрситетининг филиали)да талабаларга ўз соҳам бўйича сабоқ бераман. Жонажон ватанимизнинг Жанубий Корея билан ҳамкорлиги шу қадар кенгаяр экан, истиқболда сўзсиз тараққиётга эришилади. Бунга шубҳа йўқ.
Фурқат Сахатов,
«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
«Ёш адолатчилар» қаноти фаоли
Фикрингизни қолдиринг