Жазо адолатдан бўлдими?

02.06.2021 19:06:56

Суд қарори ёки ҳукм қонунга тўла мос бўлишидан “Адолат” СДП ҳамма вақт, ҳар қандай ҳолатда манфаатдор. Нима учун кичик ҳуқуқбузарлик ёки жиноят қаттиқ  жазога лойиқ топилади-ю, катта ҳуқуқбузарлик ёки жиноят хаспўшланади?! Бундай ҳолатлар ҳаётимизда тез-тез учраётгани учун ҳам, асосли норизоликлар кучаймоқда.  Хусусан, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Тошкент туманидаги 26-мактаб директори Саида Ҳошимовага 173 млн. сўм бюджет маблағини талон-торож қилганлиги юзасидан 2020 йил 10 декабрда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисм “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан тушкунликка тушган мактаб директори ижтимоий тармоқларга мурожаат қилиб, жиноятчи эмаслигини, маҳалла, ҳокимлик ва прокуратура босими остида унга қарши иш кўрилаётганини айган. Маълум бўлишича, Саида Ҳошимова жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг 21 апрелдаги ажрими билан лавозимидан четлатилган. Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрел куни шу суд туман прокурори қарорига кўра, Саида Ҳошимовага нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарилган.

Прокуратура органларининг аёлларга, хусусан, жамиятда ардоқланиши ва иззат-икром кўрсатилиши лозим бўлган касб эгаларига нисбатан кескин чоралар кўриши илк ҳолат эмас.

Сўнгги вақтларда (жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатларга кўра) прокуратура органлари майда, маиший ишларда, айнан ожиз жинс вакиллари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда “фаоллар”. Эсингизда бўлса, 6 нафар фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа юзасидан тергов иши “Етказилган зарар тўлиқ қопланди”, дея “ғалати” қарор билан жиноят иши тугатилган эди. Минг афсуски, кейинчалик жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланмагани ҳам маълум бўлди.

Хўш, энди ҳақли савол туғилади, “Мустақилликнинг 25-йиллиги” кўкрак нишони ва “Халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирланган,  иш фаолияти юзасидан ота-оналар ва мактаб жамоаси томонидан ҳеч қандай шикоят билдирилмаган Саида Ҳошимовага нисбатан бундай жазонинг ижро этилиши нечоғлик тўғри?!

Дарҳақиқат, “Адолат” СДП ушбу ҳолатда Саида Ҳошимовани оқлаш фикридан йироқ. Албатта, ҳар ким қилмишига яраша жазо олиши, ҳисоб бериши шарт. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари барча ишда адолат ва шаффофлик, қонунийлик ва принциплиликни таъминламас эканлар, халқимизнинг уларга бўлган ишончи сўниб бораверади. Демак, ҳар ишда адолат тарозисининг икки палласи ҳамиша тенг бўлиши мақсадга мувофиқдир.

 

Нигора НИШОНБОЕВА

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+