Янгиликлар 350
Жазони ўташ муассасасида тарғибот тадбири ташкилланди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти иккинчи минтақавий ҳудуд 10-сон тергов ҳибсхонасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Бунёд Аҳмадалиев батафсил маълумот бериб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра соҳа ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларни мукаммал ижро этишлари зарурлиги, қонун устуворлигини таъминлашда масъулият билан ёндашишлари ҳақида ҳибсхона юридик таъминлаш гуруҳи катта юрисконсульти лейтенант Жавлон Абдусаломзода атрофлича сўз юритди.
Тадбир давомида иштирокчиларга жорий йилнинг 27- октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида ҳар бир мамлакатимиз фуқароларининг бурч ва масъулияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайловнинг амалга оширилиш босқичлари, қонунчиликда акс этган ҳуқуқий асослар ҳақида маълумотлар берилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг