Янгиликлар 2109
Жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув: моҳият ва самара
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни судлар фаолиятига кўплаб ўзгаришларни олиб кириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қонунга асосан жаҳон тажрибасида қўлланилиб келинаётган ва самарадор ёндашувлардан бири бўлган айбга иқрорлик тўғрисида келишув институти жорий этилди. Яъни, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича ўзига нисбатан қўйилган гумон, айблов билан келишган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан билдирилган илтимосномага асосан жиноят ишини юритишни назорат қилувчи прокурор билан келишув тузилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур келишув гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлган тақдирда тузилади. Шунингдек, илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлиши, гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёҳуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг ҳусусияти ва миқдорини инкор этмаса ҳамда уни бартараф этиши лозим.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган шахс ва прокурор билан тузилади. Бунда гумонланувчи ёки айбланувчи жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши лозим.
Келишув сансалорликларнинг олдини олади, икки томон муносабатларини юмшатишга, узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришга хизмат қилади. Давлат айбловчисининг айбланувчини содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш кўзда тутилади. Айбланувчига жазо ҳажми, миқдори ва ўташ тартибининг қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроғи тайинланишига ёрдам беради.
Шаҳнозахон ЮЛДАШЕВА,
жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьясининг катта ёрдамчиси
Фикрингизни қолдиринг