Янгиликлар 1667
Жисмоний чиниқтиришдан - нуфузли шоҳсупалар сари
Юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг қишки спорт турлари билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилма яратиш, халқаро спорт майдонларида ёш авлоднинг муносиб иштирокини таъминлаш бугунги сокин ва бир жиҳатдан турғун ҳаётимизда ўз аҳамиятини асло йўқотган эмас.
Хўш, жойларда ёзги ва қишки таътил даврида болаларимизнинг спорт турларига сафарбар этиш борасидаги режалар талабга жавоб беради деб айта оламизми?
Барчамизга маълум, пандемия мактаб ўқувчиларининг ўқув дастурларини издан чиқаргани баробарида жисмоний тарбия ва спорт билан боғлиқ режалар ҳам барбод бўлди.
Ана шу талофатларни бартараф этиш мақсадида мактабларда қишки таътил муддатини мақбуллаштириш орқали турли спорт мусобақаларини ўтказиш, қолверса ички туризмга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП нинг 2020 йил IV чорак тадбирлар режасига мувофиқ илк маҳорат дарси бўлиб ўтди
Унда “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши эътирозчи (оппонент) сифатида қатнашди.
Кун тартиби юзасидан партиянинг Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгаши депутатлари, фаоллари ва соҳа мутахассислари иштирокида мавзу доирасида мулоҳаза, муҳокама ва баҳс-мунозара бўлиб ўтди.
Хусусан, халқ таълим вазирлиги ёшлар туризмини қўллаб-қуватлайди, бироқ туризм мавсумини узайтириш ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан эмас, деган таклифни илгари сурдилар.
Бу таклифга вазирлик билан келишилмаганлиги ҳамда буни қайта ўрганиб чиқиш кераклиги юзасидан ХТБ ўз эътирозини билдирди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори дастуриламал бўлиши кераклигини назардан қочирмаслик лозим.
Тадбирда “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши фаоллари томонидан Бўстонлиқ туманида жойлашган “Белдирсой” спорт базасида халқаро ва республика даражасидаги мусобақаларни ўтказиш учун енгил конструкцияли бино ва иншоотлар барпо этиш, йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, дор йўлини замонавий анжом, асбоб-ускуналари ва жиҳозлари билан таъминлаш ишларига кўпроқ эътибор қаратиш алоҳида таъкидланди.
Ушбу таклиф йиғилганлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ёзги таътилни қисқартириб, қишки таътилни узайтириш таклифига эътироз шундаки, ёзги таътил қисқарса, қурилиш таъмирлаш жараёнлари издан чиқиб кетмайдими ёки қишда боласини бирор жойга юборишга имконияти йўқ ота-оналар нима қилади ёҳуд таътилллар мамлакат иқлимидан келиб чиқиб белгиланган экан, ёзги таътилни қишки таътилга қисқартириш оқибатида қайноқ чилла ҳавосида 30-35 киши бир хонада 45 дақиқа ўтира оладими?
Шу ва шу каби бошқа саволлар йиғилганларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.
Бир сўз билан айтганда мунозаравий дебат савол жавобларга бой ва ўзаро асосли келишувлар руҳида ўтди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг