Жиззахда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтди

17.09.2024 10:09:24

Жорий йилги парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларни юқори даражада ташкил этиш ҳамда депутатликка кўрсатилган номзодларга бўлажак сайловлар ва сайлов қонунчилиги борасида тўлақонли маълумот бериш учун Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали фаоллар залида семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулрух Агзамова, партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари, маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодлар,  Жиззах вилоят адлия бошқармаси вакили, Жиззах давлат педагогика университети ўқитувчиси, “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров кириш сўзи билан очиб,  семинар-тренингни ташкил этишдан асосий мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, партия дастуридан келиб чиқиб, ҳудуддаги муаммоларни инобатга олган ҳолда номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш, унга қўйиладиган талаблар, номзод дастурини тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўлган омиллар, дастурнинг таркибий тузилиши ҳамда номзодларга керакли тавсиялар бериб ўтилди.

Шундан сўнг, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулрух Агзамова сўзга чиқиб, партиянинг янги сайловолди дастурининг қисқача мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар билан бўлажак номзодларни яқиндан таништирди. Шунингдек, номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида йўл қўйиладиган асосий камчиликлар ҳамда сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун асосий жавобгарлик бўйича ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар,  партия томонидан ишлаб чиқилган тарғибот воситалари, уларнинг турлари, миқдори ва муддатлари ҳамда номзодларнинг тарғибот воситаларидан фойдаланиш усуллари ва шартлари,  депутатликка номзодларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда сайловчилар ва журналистлар билан муносабатлардаги одоб-ахлоқ, ижобий имиджни шакллантириш, номзодлар муваффақиятини ошириш учун қўшимча усуллар яъни ижтимоий тармоқлардан, визуал таъсир кучидан, эҳтиёжларга йўналтирилган мулоқот, эмоционал таъсир кучидан фойдаланиш мумкинлиги тушунтириб ўтилди.

Фикр ва мулоҳазаларга, тавсияларга бой бўлган семинар-тренинг сўнгида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олишди. 

 

Шахноза СОАТОВА,
“Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+