Янгиликлар 2107
Журналистнинг тиши темирданми?!
Журналист. Бу сўз замирида жуда катта фалсафа, бир олам масъулият бор. Халқимиз орасида «Журналистиканинг нонини ейиш учун темирдан тиш керак», деган гап тез-тез эшитилиб туради. Бу бежиз эмас.
Журналистнинг ишида ҳам жисмоний, ҳам ақлий меҳнат, қарама-қаршиликлар, зиддиятлар ётади. Қарангки, журналист бир томондан тадқиқот олиб бориш, иккинчи томондан суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлгани учун ҳам кўпгина касблардан фарқ қилади. Шу билан биргаликда ижодкор. Журналистнинг иш қуроли – сўз. Қалам аҳли сўз билан хаста дилларга малҳам беради, инсонларга маърифат улашади, жамиятда адолат тантаналари учун курашади.
Табиат ҳам оммавий ахборот воситалари ходимларига яшиндек идрок, темирдек хотира баробарида адолатпарварлик, ватанпарварлик туйғуларини кўпроқ берган, гўё. Барчамизга аёнки, Ватанини чин дилдан севадиган, халқига садоқатли, касбига фидойи журналист ҳамиша холис, беғараз, ҳақиқатгўй, жасоратли, мард бўлади. Ана шундай журналистлар орамизда кўплиги, албатта, қувонарли.
Бир сўз билан айтганда, оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз учун, жамиятимиз учун катта кўзгу – ойнаи жаҳон. Шу сабабли ҳам, бугунги кунда нафақат давлат миқёсида, давлат органлари ва идоралари таркибида ҳам бу соҳа ривожлантирилмоқда. Масалан, соҳага бўлган эътиборни вазирлик матбуот хизматлари раҳбарларининг мавқеи вазир ўринбосари даражасига тенглаштирилганлигида кўриш мумкин. Ҳа, матбуотчиларга кенг имкониятлар, шароитлар яратилмоқда. Шу билан бир вақтда блогерлик институтига ҳам ойдин йўллар очилмоқда. Айниқса, мамлакатда сўз эркинлиги учун яратилган қонуний асослар кенгайиб бориши соҳанинг чинакам «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилишига замин яратмоқда. Пировардида, Ўзбекистонда ОАВ ходимларининг, журналист ва блогерларнинг ўрни ва жамият ривожига, айниқса, қонун устуворлигига қўшаётган ҳиссаси сезиларли даражада ошмоқда.
Албатта, қалам аҳли учун яратилган бундай кенг кўламли шароитлар жамиятда холислик, очиқлик ва ошкораликни таъминлашда, қонунийликни мустаҳкамлашда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, адолат қарор топтиришда яхши натижалар бермоқда. Ҳеч кимнинг тиши ўтмайдиган айрим мансабдор шахсларга журналист ва блогерларимизнинг «темир тиши» ўтаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Албатта, уларни олқишлашимиз керак.
Ишончимиз комилки, оммавий ахборот воситалари кучли ижтимоий фикр ва глобаллашувнинг сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий тазйиқларидан ҳимоя қилишда энг самарали ҳимоя воситаси бўла олади. Журналист ва блогернинг сўзи устун бўлган жойда адолат бўлишини теран англаган ва чуқур ҳис этган Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ўз сайловолди дастурида журналистлар ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратган. Журналистнинг нуфузини ошириш, унинг эркинлиги ва холислигини таъминлаш, моддий қўллаб-қувватлаш, журналист кадрлар маҳоратини ошириш каби масалаларни устувор вазифаларимиз қаторига киритганмиз.
2019 йилги сайловларда журналист ва блогерларнинг партиямиз ғояларини холисона қўллаб-қувватлаб, «Адолат» партиясининг сайловлардаги иштирокини адолатли кўз билан баҳолаб боришганлигини яқиндан ҳис этдик. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидганиева, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар депутатлари Обиджон Латипов, Ҳусниддин Эргашев, Дониёр Юсупов, партия Сиёсий Кенгаши аъзолари Сирожиддин Раупов, Ислом Ҳамраев, партия фаоллари Баҳром Бурҳониддинов, Абдуқаюм Йўлдошев, Аҳмаджон Мелибоев, Камол Матёқубов, Дурдона Алимова, Нурбек Абдуллаев, Меҳринисо Бобоназарова, Акбаржон Назаров, Айшолпан Ўразимбетова ва бошқа бизнинг сафимизда туриб фаолият олиб бораётган кўплаб журналист ва блогерларнинг биз зиммамизга олган вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқаришда, очиқлик ва шаффофликни, холислик ва адолатни қарор топтиришда, жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, бир сўз билан айтганда, қонун устуворлигига эришишда елкадош бўлиб келаётганлиги кучимизга куч қўшмоқда.
Биз бугун фуқаролик жамиятининг энг фаол аъзолари сафида турган барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини, биз билан елкама-елка хизмат қилаётган журналист ва блогер дўстларимизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни– касб байрамлари билан қизғин муборакбод этамиз!
Биз Сизнинг бевосита ва билвосита иштирокингизда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тарғиботини янада кенгайтиришга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигига эришишга, ҳар бир инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга ишонч билдирамиз. Зеро, журналист-блогернинг қулоғи эшитмаган ҳодиса, қадами етмаган жой, кўзи кўрмаган нуқсон, сўзи ўтмаган ҳолат бўлмасин.
Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, ижодий баркамоллик тилаймиз.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг