Зиёрат туризмини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилади

07.11.2022 18:11:01

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат — “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Таъкидланганидек, минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар бозорида контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар учрамоқда. Қолаверса, контрафакт кимёвий воситаларни йўқ қилиш масалалари тартибга солинмаган.

Шунингдек, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилишида назорат механизимининг етарли даражада таъминланмагани, қонун нормаларида улар билан ишлаш қоидаларининг аниқ белгиланмагани маълум даражада аҳоли саломатлигига ҳам хавф тўғдирмоқда.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида тупроқнинг турли хил зарарли кимёвий бирикмалар билан зарарланиш даражасини пасайтириш, ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш усулларидан фойдаланишни кенгайтириш учун қулай шароит яратилади. 

Муҳокамалар давомида партия сайловолди дастурида қишлоқ хўжалигида “ҳаётий ва самарали” деҳқончиликни қўллаб – қувватлаш, бу борада ривожланган демократик мамлакатларнинг экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари саноатини рағбатлантиришнинг турли механизмларини қўллаш соҳасидаги тажрибасидан кенг фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгилангани қайд этилди. 

Фракция аъзолари шундан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаси бўйича партия позициясидан келиб чиқиб, бир қатор таклифларни беришди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши орқали босқичма-босқич ўсимликларни ҳимоя қилишда зарарли организмларга қарши кимёвий кураш усулидан биологик қарши кураш усулига ўтилиши айтилиб, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Измир шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатларнинг айтишича, Ўзбекистоннинг улкан туристик салохияти, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий, жаҳонга машҳур шаҳарларнинг мавжудлиги ҳамда ислом дунёсининг кўплаб зиёратгоҳлари жойлашганини инобатга олиб, ИҲТ доирасида ушбу соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштириш Ўзбекистонда зиёрат туризми саноатини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+