Янгиликлар 609
Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз
Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ана шундай шиор билан чиқдилар. Бундан кўзланган мақсад хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. «Адолатчилар» ташаббуси билан Андижон туманида ташкил этилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди. Унда партия фаоллари билан бирга хотин-қизлар билан ишловчи ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари, экспертлар, уй бекалари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида сўз олган Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева кейинги йилларда жамиятда энг оғриқли масалалардан бирига айланган кун тартибидаги муаммо, уни олдини олишга қаратилган қонунчилик ва олдинда турган вазифаларга йиғилганлар эътиборини қаратди. 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Таъкидланганидек, зўравонлик жамиятдаги энг ёмон иллат сифатида инсонлар ўртасидаги тенгликни чиқаради. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйишга биргина масъул идоралар томонидан эришиб бўлмайди. Бу борада жамоатчиликнинг кучидан фойдаланиш, маҳалланинг ролини ошириш лозим. Муаммо аксарият ҳолларда оилада туғилади. Шундай экан ҳар бир оилага кириб бориб, хотин-қизларни ҳимоя қилиш мақсадга мувофиқдир.
Рустамжон Раҳимов, Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон туман кенгаши раиси:
-Зўравонликни кўпчилик жуда тор маънода тушунади. Хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқларига тажовуз қиладиган ғайри ҳуқуқий ҳаракат зўравонликдир. Ўз ўзидан кўриниб турибди, бугун бу иллатга шунчаки қараб бўлмайди. Ҳатто оилада ота-она ёки мактабда ўқитувчининг қизларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишига ҳам чек қўйиш лозим. Яна хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш кўнгилсизликларни олдини олишга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Ташкилотчилар томонидан маҳаллаларда вақтинча ишсиз хотин-қизлар ва вояга етмаган қизлар билан ишлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
«Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг