Зуҳра Ибрагимова: Ҳаётий қонунлар ва парламент назорати орқали ислоҳотлар самарасини таъминлаймиз

24.01.2020 18:01:50

Ҳар қандай жамиятдаги ислоҳотлар самараси учун энг муҳим мезон бу сўз эркинлиги ва қонун устуворлигидир. Давлатимиз раҳбари бугун парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳам бошқа йўналишлар каби бу икки йўналишга алоҳида аҳамият берилганлиги бу борада сўнги йилларда маълум даражада салмоқли ишлар амалга оширилганлиги ва унинг таҳлиллари натижасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар аниқ белгиланганлигидан далолат.

Сўнги йилларда мамлакатимиздаги сўз эркинлигининг таъминланиши орқали республикамизнинг олис ҳудудларидаги йиллар давомида ечимини кутиб ётган муаммолар баралла жамиятга бўй кўрсатди. Жумладан, қанчадан қанча юртдошларимизнинг ижро ҳокимияти тизими билан боғлиқ муаммолар ОАВларда ёритилиши натижасида ўз ижобий ечимини топди. Кўплаб аҳолимиз турмуш фаровонлигига салбий таъсир кўрсатувчи қонун ва қарорлар бекор қилиниб, айримларига ўзгартиришлар киритилди.

Шунингдек, суд соҳасидаги ислоҳотлар натижасида ҳам юрдошларимиз ҳуқуқларини адолатли ҳимоя қилиш борасида бир қатор ижобий ишлар қилинди. Биргина мисол давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, ўтган 3 йилда 1989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шундан ҳам кўриниб турибдики бугунги суд тизими олдинги суд тизими эмас. Энди судялар ҳам ҳар бир фуқаро тақдири устида ҳукм чиқаришда чуқур таҳлилларга таянган ҳолда адолатли қарор чиқаришга мажбур бўлмоқда. Қувонарли жиҳати суд тизимидаги ислоҳотлар бугунги ўзгаришлар билангина чекланиб қолмасдан бу борада ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар ва вазифаларнинг давлатимиз раҳбари томонидан аниқ мисоллар асосида келтириб ўтилганлигидир.

Чиндан ҳам президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, ислоҳотларимиз самарасига эришишда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, 2019 йил бўлиб ўтган сайловлар жараёнида ҳам сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда энг кўп билдирилган эътирозлар айнан суд-ҳуқуқ соҳасидаги адолатсизликлар ва сарсонгарчиликлар, коррупциянинг жамиятимизда кенг илдиз отгани, олис ҳудудларда кўрсатилаётган сифатсиз тиббий хизмат каби соҳалар бўйича бўлган эди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида бугун давлатимиз раҳбари томонидан эътибор қаратилган соҳаларда бир қатор ишларни амалга ошириш мазкур ислоҳотлар самараси учун уларнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш каби устувор вазифаларни илгари сурган эди. Булар судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун “Судлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш, суд жараёнида судланувчининг тўлақонли адолатли ҳимояланишини таъминлаш учун адвокатлар мавқеини ошириш ҳамда прокурорнинг суд ишини чақириб олиш ваколатини бекор қилиш. Коррупцияга қарши курашишда нафақат шунга масъул бўлган идоралар фаолияти билан чекланиб қолмасдан жамиятимиздаги ҳар бир фуқаромизда унга нисбатан муросасизлик ҳисини уйғотиш, тиббиёт соҳасига “Ақлли тиббиёт” тизимини жорий этиб, дори воситаларининг электрон тизимини яратишдир.

Бугун халқимизни рози қилиш учун бу борада қилиниши зарур бўлган таклифларнинг давлатимиз раҳбари томонидан аниқ ҳуқуқий механизмлари билан кўрсатиб берилиши бизнинг ўз фаолиятимизга бўлган масъулиятимизни яна бир бор оширди. Биз энди халқ вакили сифатида сайловчиларга берган ваъдамизни бажариш ва барча юртдошларимизнинг бугунидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш учун зарур бўлган муҳим йўналишларни ўз олдимизга аниқ мақсадлар билан белгилаб олдик.

Бугун мен каби барча депутатлар нафақат суд-ҳуқуқ, коррупция ва тиббиёт соҳаларида балки, жамиятимиз ривожи учун муҳим бўлган барча соҳаларда амалга оширишимиз зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб олди. Эндиликда биз депутатлар халқимизнинг муносиб турмуш шароитини таъминлаш учун илгари сурилган ҳар бир ташаббуснинг ҳуқуқий механизмларини ҳаётий қонунлар орқали ишлаб чиқишга ва кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали уларнинг тўлақонли самарасига эришишга ваъда бераман.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+