Янгиликлар 4658
Ҳамкорлик ва бирдамлик йўлида
Бугунги таҳликали замонда давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарор бўлишида интеграцияга эришиш долзарб вазифа ҳисобланмоқда. Мамлакатлар турли регионал ва халқаро иттифоқ ҳамда ташкилотларга аъзо бўлиб, ўз халқларининг манфаатларини ифода қилиб келмоқдалар. Шундай ташкилотлар сирасига кирадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятнинг асосий туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончга қаратилган.
10 апрелда Туркий Кенгашга аъзо давлатлар иштирокида Covid-19 пандемиясига қарши курашишда ҳамкорлик ва бирдамлик масаласига бағишланган масофали саммитда яна бир бор ушбу асослар ҳаётийлигини кўрсатди. Озарбайжон давлати Президенти раислигида ўтган учрашувда Туркий Кенгашга аъзо давлатлар Козоғистон, Кирғизистон, Туркия, Ўзбекистон давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Туркманистон Президенти ва Венгрия Бош вазири ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Бош директори Тедрос Адан Гебрейесус қатнашдилар. Саммит пандемияга қарши курашишда барча ҳаракатларни бирлаштириш, ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилиб қўйган биринчи халқаро миқёсидаги учрашув сифатида эътирофга сазовор бўлди. Видеомулоқот давомида ҳар бир давлат раҳбари коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар.
Саммитнинг ютуғи шундан иборатки, барча саммит иштирокчилари томонидан пандемияни фақат ҳамкорлик ва бирдамлик асосида енгиш мумкинлиги тўғрисида хулоса килинди. Ҳар бир Туркий Кенгашга аъзо давлатлар раҳбари бу борада ўз таклифларини билдирди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев коронавирусга қарши бирон-бир давлат якка ҳолда самарали кураш олиб боролмаслигини таъкидлади. Пандемиянинг кенг тарқалишининг олдини олиш, одамларнинг соғлиги, ҳаётини ҳимоя қилиш ҳамда ушбу хавф-хатарнинг давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирни камайтириш мақсадида Президентимиз томонидан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бир қатор таклифлар берилди. Жумладан, Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият юритадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш, ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишини олдини олиш, диагностика ва даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва алмашинувларни йўлга қўйиш, Туркий Кенгаш котибиятида пандемияга қарши курашиш бўйича давлатларда фаолият юритаётган миллий штаблар билан ҳамкорликда махсус мувофиклаштирувчи гуруҳни тузиш, озик-овқат, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан халқларимизни узлуксиз таъминлаш мақсадида транспорт ва логистика соҳалардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, коронавирус оқибатларини камайтириш мақсадида халқаро ташкилотлар кўмагидан фойдаланиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақомини ва ваколатларини кенгайтириш, ушбу нуфузли ташкилот ва Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш каби таклифлар ўртага ташланди. Ундан ташқари, саммитда давлатимиз раҳбари таклиф этган коронавирусга қарши кураш бўйича тажриба алмашиш мақсадида етакчи мутахассислар иштирокида биринчи видеоконференцияни ўтказишга келишиб олинди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо мамлакатлар ҳудудида 160 миллиондан ортиқ аҳоли тақдири, соғлиги ва ҳаёти минтақавий ва халқаро миқёсида таъсирчан чора-тадбирларни ҳамкорликда оширишга боғликлигини инобатга олган ҳолда саммит якунида Боку Декларацияси қабул қилинди. Унда, давлатимиз раҳбари томонидан берилган барча таклифлар ўз ифодасини топди.
Халқларнинг ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталарини бир-бирига боғлаб келаётган Туркий Кенгаш Саммитида бугунги кун тартибидаги долзарб муаммо - коронавируснинг тарқалишини олдини олиш ва пандемия оқибатида бўладиган талофатларни юмшатишда биргаликда енгиб ўтиш учун асослар яратилди. Шерикликнинг аниқ механизмлари эса катта натижа беришига ишончимиз комил
Нодира ДЖАНИБЕКОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг