Янгиликлар 626
Ислом молиясига доир қонун ишлаб чиқилади
Куни кеча Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан навбатдаги тўртинчи очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда анъанага айланган бу мулоқот соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал этиши, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги қулайликлар яратиши билан ишбилармонлар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан кутиладиган муҳим тадбирлардан бирига айланиб улгурди.
Боиси, ушбу очиқ мулоқотлар доирасида мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бизнесни юритишда улар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат органлари масъулияти оширилиб, улар учун қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Бу галги мулоқотнинг яна бир ўзига хос жиҳати, дастлабки йилларда ушбу мулоқотга маълум бир вақт доирасида тайёргарлик кўрилиб, тадбиркорлар мурожаат ва таклифлари олинган бўлса, жорий йилги очиқ мулоқотга йил давомида тайёргарлик кўриб борилди. Хусусан, Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси раҳбари, Бизнес омбудсман тадбиркорлар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглашди.
Натижада, ўтган вақт давомида тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди. Энг муҳими, маҳалладаги кичик лойиҳадан тортиб, мега лойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.
Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди.
Шунингдек, солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлаётгани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди. Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади. Булар тадбиркорлар “соядан чиқиб”, қонуний фаолият, соғлом рақобат йўлига ўтаётганидан далолат беради.
Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йил олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Ушбу ижобий ўзгаришлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш мақсадларига юқори натижалар билан эришиш имконини беради.
Шу билан бирга, бу йилги мулоқот давомида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, эндиликда кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш жараёнида барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади. Микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда, кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди.
Шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча имкониятлар яратилиб, тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади. Ислом молиясига доир қонун ишлаб чиқилади. Бу янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига ёрдам беради.
Шу билан бирга, давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилади. Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар буни ҳисобидан камида 30 триллион сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.
Яна бир энг муҳим ташаббус, бизнесни инфратузилма, ер ва энергия билан таъминлаш масаласидир. Очиқ мулоқотга тайёргарлик жараёнида келиб тушган 2 мингта мурожаат айнан ер ва инфратузилма билан боғлиқ. Шу боис, энди тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда, унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4-5-тоифа туманлар учун эса, ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Ўз-ўзидан маълумки, бундай енгилликларнинг яратиб берилиши, тадбиркорлар сафи ва ҳажми янада кенгайиб, минглаб янги иш ўрнилар яратилишига сабаб бўлади.
Очиқ мулоқот давомида кенг жамоатчилик ва соҳа вакилларининг муҳокамаларига сабаб бўлиб келаётган саноат корхоналарига электр ва табиий газ бўйича қўйилган чекловларнинг қисқартирилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, эндиликда янги тартиб бўйича, электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам, базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади. Шунингдек, энди “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди.
Биламизки, тадбиркорлик ривожида ички бозорда яратиб берилган шароитлар ҳамда тенг рақобат муҳитининг бўлиши энг муҳим ўлчовлардан бири саналади. Шу мақсадда бундан кейин ҳам Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни давом эттирилиб, рақобат ривожлантирилиши маълум қилинди. Бу борада металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Энди корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилинади. Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлайди.
Ўрта бизнес тадбиркорлигидаги муҳим йўналиш бу хизматлар соҳаси саналади. Сабаби, мамлакатдаги банд аҳолининг 52 фоизи хизматлар соҳасида ишлаяпти. Шу боис, ушбу соҳа ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хизматлар соҳасининг барча босқичларида сунъий интеллект технологиялари кенг жорий қилинади. Бунинг учун ИТ-паркда сунъий интеллект маркази очилади. Лойиҳаларни молиялаштириш учун 50 миллион доллар ажратилади.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 январдан умумий овқатланиш корхоналарига қўшилган қиймат солиғининг бир қисми тадбиркорга “кешбек” сифатида қайтариб берилади. Бундай солиқ тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. Бундан ташқари, 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномасини тузиб, ишлаши мумкин бўлади.
Умуман олганда, тадбиркорлик соҳасида бўлаётган бундай ўзгаришлар кишини хурсанд қилади, албатта. Ўз навбатида, яратилаётган бундай шарт-шароитларга бефарқ бўлмасдан имкониятлардан унумли фойдаланишимиз ва юртимиз истиқболи учун муносиб ҳисса қўшмоғимиз даркор. Зеро, ёзилаётган қоидалар, имконият ва имтиёзлар ҳақиқий ҳаётимизга кўчиши амалда ўзимизга боғлиқ.
Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг