Ўқитувчи мақоми ошса, таълимда ҳам юксалиш бўлади

29.04.2020 11:04:06

Таълим ва тарбия ҳамиша инсоният эътибор марказида бўлган. Дунёга келган фарзандни боқиб катта қилиш, уни ҳаётнинг турли синов ва имтиҳонларидан қоқилмай ўта олиши учун руҳан бақувват, маънавий етук, жисмонан соғлом қилиб ўстириш таълим ва тарбия орқали амалга ошади.

Афсуски, жамиятда ҳамма тенг эмас. Ўз фарзандини дунёга келтириб, унга етарли даражада эътибор кўрсата олмаган ота-оналар ёки мавжуд вазиятни кўра-била туриб, ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат ҳам қилиб кўрмаган қариндош-уруғлар ҳаётда учраб туради. Шундай экан, мактабга бормай, таълим олиш имкониятидан фойдалана олмай, ўз вақтини беҳудага ўтказаётган болалар ҳам бор. Назорат қилиб, тергаб турадиган эътиборнинг йўқлиги туфайли боланинг “ўз-ўзига хўжайин” бўлиб қолиши ва таълим-тарбиядан четда қолиб кетиши аслида жамият учун кечириб бўлмас хатодир.

Ҳаётимизда кўзга ташланаётган мана шундай салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қуйи палатасида ўтказилган навбатдаги мажлисда депутатлар таълим-тарбия соҳасига тааллуқли қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Бунда сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, шу билан бирга, соҳа мутахассислари, олимлар фикрлари, таклифлари ўрганилди.  

Ушбу қонун лойиҳаси билан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида жавобгарлик нормаси белгилаб қўйилди:

- Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келиши ҳолатининг мавжудлиги устидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача жарима солиш; 

- Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш;

- Боланинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима солиш;

- Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши тўғрисидаги нормалар қатъий белгилаб қўйилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таълим тизимининг ҳар томонлама самарадор бўлиши педагогик кадрларнинг жамиятдаги ўрнига боғлиқ. Бугунги кунда ўқитувчи мақомининг юқори нуфузга эга эмаслиги, унинг ҳуқуқий ҳимояланмагани ҳамда фаолиятининг дахлсизлиги кафолатланмагани таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга имкон бермаётгани, афсуски, ачинарли ҳол. Шу боис, қонун лойиҳасида мазкур кодекс янги 1975-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, педагог ходимнинг таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатишда унинг касбий  фаолиятига ноқонуний аралашиш ва унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши тўғрисидаги норма киритилди. Ва муҳими, янги модда бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш масаласи маъмурий судлар ваколатига берилди. 

Педагог ходимларни ҳуқуқий томондан ҳимоялашнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 301-моддасига қўшимчалар киритилди. Унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини, шунингдек, педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги  алоҳида белгилаб қўйилди.

Юртимизда ўқитувчи шахсини қонунан ҳимоя қилиш орқали ота-оналарнинг бола тарбияси учун масъулиятини кучайтиришга, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ошишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришамиз. 

Аслида эса, халқимизда “Устоз отангдек улуғ!” деган ҳикматли мақол бор. Устознинг берган билимини муқаддас деб билиш, унинг айтганларига сўзсиз риоя этиш миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Юртимиздан етишиб чиқиб, жаҳон тамаддунининг ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар устоз изидан не-не юртларни кезмаган, дейсиз. Устознинг биргина ишончини қозониш орқали унинг теран суҳбатидан баҳраманд бўлиш учун шогирдлар қанчадан-қанча синовларга тайёр бўлишган. Зеро, устоз кўрсатган йўл – Ҳақиқат йўлидир.  Шундай экан, ўқитувчи мақоми ва нуфузини ошириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз томонидан олиб бориладиган сиёсатнинг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати,

Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+