Ўз уйида бегонадек яшаш йўқ энди!..

26.04.2020 12:04:27

Кейинги пайтларда Юртбошимиз томонидан фуқаролар манфаатини, уларнинг хоҳиш-истагини, орзу-умидларини эътибор марказида тутган ҳолда олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовор. Давлатимиз раҳбарининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқароларни узоқ йиллардан бери қийнаётган муаммоларига барҳам берди, орзуларини рўёбга чиқарди, қалбларини қувончга тўлдирди, десак асло муболаға бўлмайди.

Ҳеч кимга сир эмаски, қанчадан-қанча юртдошларимиз ўз пешона тери эвазига республика марказидан сотиб олган уйини таваккал қилиб бирор танишининг номига расмийлаштириб қўйишган. Ўз уйида, аммо бировнинг номидаги хонадонда – уйнинг “қонуний эгаси”га Худодан инсоф сўраб, минг бир ҳадик билан яшаётганлар қанча! Ҳаттоки, баъзиларнинг ишонган дўсти, ака-укаси ёки қариндош-уруғининг нафси ҳакалак отиб, омонатга хиёнат қилиб, унинг уйини сотиб юборганидан шикоят қилиб, судма-суд адолат излаб юрганлари рост!

Қанчадан-қанча соҳа равнақига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин бўлган истеъдодли мутахассисларимиз “пропискаси йўқ”лиги учун идоралар эшигидан надомат билан узоқлашганининг гувоҳи бўлганмиз.

Ҳатто фарзандлари Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган бўлса ҳам, неча йиллардан бери давлат идораларида хизмат қилаётган ўз соҳаси билимдонига ҳам “Ишқилиб доимий прописка талаб қилиб қолишмасин-да”, деган ўй тинчлик бермагани бор гап!

Қанчадан-қанча фуқаролар фарзандлари билан анча йиллардан бери пойтахтда яшаб, ҳокимиятма-ҳокимият югуриб, яна ўша тамға туфайли “Пропискангиз йўқ!” - деган иддао билан кам таъминланган ва ёлғиз оналарга берилаётган имтиёзли уйлардан олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётган эдилар.

Маълум корхона ва ташкилот раҳбарининг рухсати билан доимий пропискага эга бўлган мутахассис ҳам бошлиғининг узоқ йиллар ишлашини сўраб, дуо қилар, агар бошлиқ ишдан олинса, унга берилган имтиёзлар  ҳам ўз кучини йўқотар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шу муаммони бартараф этди, кўпчиликнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқарди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

“Бу масала қандай қийинлигини ҳаммамиз биламиз. 30 йил фуқароларимизнинг оёғига кишан қилиб, бу масалани ҳал қилмадик. Фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида пропискадан ўтиб, хоҳлаган жойида ишлашининг қонуний асосини яратмасак, қуруқ гап билан ишлар амалга ошмайди”, деди мамлакатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, прописка олиш учун эр-хотин никоҳидан кейин биргаликда яшаши талаб қилинадиган бир йиллик  вақтнинг бекор қилиниши, рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бир кун ичида амалга оширилиши, янги туғилган чақалоқларнинг ФҲДЁ органининг ўзида туғилиш ҳақидаги гувоҳнома бериш вақтида ота ёки онасининг яшаш манзилига доимий пропискага эга бўлиши, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечилиши, ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга олишни расмийлаштириш, рўйхатдан чиқиш идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилиши, уй-жой сотиб олмаган фуқаролар нотариал идораларга мурожаат қилганларида улардан прописка талаб қилинмаслиги каби бир қатор имкониятлар яратилиши кўзда тутилганки, булар фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олиши, кўп йиллик муаммоларини ҳал қилиши  айни муддаодир.

Айниқса, фуқароларнинг доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтишлари билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ва фуқаролик муносабатлари электрон тарзда бажарилиши ҳамда тегишли давлат идоралари ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиниши кўзда тутилаётганини халқимиз катта мамнуният билан қўллаб-қувватлагани ҳам бежиз эмас.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотларнинг барчаси фуқароларнинг бахт-саодати ва юртимиз тараққиётига хизмат қилади.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+