Саломатлик йўлида яна бир катта қадам

12.04.2020 13:04:26

 

Мамлакат аҳолисининг саломатлиги фақатгина касаллик юзага чиққанда тиббиёт муассасасида даволанишгагина эмас, балки тиббий маданиятни ошириб бориш билан ҳам боғлиқдир. Бунда турли  касалликларнинг олдини олиш учун тўғри овқатланиш ва доривор гиёҳларни истеъмол қилиб бориш катта аҳамиятга эга. Чунки инсон организми истеъмол қилган нарсасидан ташкил топади. Даволанишда эса фақат кимёвий препаратлардан эмас, балки халқ табобатида мавжуд доривор гиёҳлардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради.

Камина 1990-йилларда бир “Саломатлик” газетасини рус тилидан ўзбек тилига ўгиришга ёрдам бергандим. Шу баҳона ўсимликлар дунёсининг шифобахш хусусиятари, уларнинг инсон организми учун энергия ташиш манбаи эканлиги ҳақидаги бошқа адабиётларга қизиқишим кучайди.  

Сайловолди учрашувларида шифокорлар билан кўп суҳбатлашганман. Ана шундай учрашувларда бугун тиббиёт ва халқ табобати анъаналарини уйғунлаштириш, уларнинг ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳақида фикрлашган эдик. Бугунги кунда бу масалага давлат миқёсида аҳамият берилаётгани эса айни истакларимиз юзага чиқишига ишонч берди. Чунки шу кунларда муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” икки қарори имзоланди. Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг ташкил бўлиши, халқ табобатининг асосий йўналишларини ривожлантириш қарор билан белгилаб қўйилиши  шу йўналишда фаолият олиб бораётган, халқ саломатлиги йўлида меҳнат қилиб изланиб келаётган табибларимизни қўллаб-қувватлаш, соҳани ривожлантиришда катта имкониятлар беради.

Доривор гиёҳларни етиштириш учун плантацияларга ер ажратиш масаласи ҳам жуда ўринли қарордир. Чунки Ўзбекистон тупроғи, суви, қуёши нафақат ширин-шакар мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, балки доривор гиёҳларни ҳам етиштириб бера оладиган мўъжизадир. Бунга биргина мисол сифатида Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида жойлашган, қатор Халқаро ва республика мукофотларига эга бўлган “Меҳригиё” фирмасининг 28 йиллик тажрибасини мисол келтириш мумкин. Ушбу фирма ўз устида ишлаб бориб, энг инновацион усуллар билан доривор гиёҳлардан инсон саломатлигига фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Шу фирма маҳсулотларига хорижий давлатларда ҳам талаб мавжуд. Президентимизнинг навбатдаги қарори ана шундай эл-юрт учун жон куйдираётган соҳа кишиларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини асраш йўлидаги катта қадамдир.

Доривор гиёҳлардан нафақат халқ табобатида, балки дори ишлаб чиқариш саноатида, тиббиётда ҳам кенг фойдаланилади.

“Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш ва уларнинг вазифалари белгилаб қўйилди. Булар ичида, айниқса, доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва уруғчилигини ташкил этишда илғор илм-фан ютуқларини қўллаш, бунда халқаро ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш ва соҳага босқичма-босқич инновацион ечимлар (ноу-хау) жорий этиш, хорижий компанияларнинг инвестициялари ҳамда илғор технологияларини жалб қилиш вазифалари соҳага инновацион ёндашувни, соғлиқни сақлаш соҳасида қадимда Шарқ табобатида ва жаҳон тиббиётида қўлланаётган анъаналардан кенг фойдаланишга қадам қўйиш зарурлигини англатади. Доривор ўсимликлар ва улардан олинадиган маҳсулотларга бўлган ички бозор талабини қондириш ҳамда уларни экспорт қилиш ҳам қарорда кўзда тутилган.

“Адолат” СДПнинг сайловолди дастурига киритилган асосий йўналишлардан бири бу соғлиқни сақлаш тизими бўлса, яна бир йўналиш дори-дармон соҳасидаги ислоҳотлардир. Халқ манфаатларини ўйлаб партиямиз дастуридаги мақсадларимизнинг амалга оширилишида қўллаб-қувватлаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Ўзбекистон бугун ўзида бор имкониятларни ишга солиб, жаҳонга қадимги Шарқ донишмандлиги, илм-фан борасида етакчилигининг ҳозирги даврда ҳам  мавжудлигини кўрсатишга қодир бўла олишга куч топа билишига, бу борада эса етук мутахассисларимизга ишонамиз.

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+