Тарозининг ижобий палласи оғир келди

29.04.2020 21:04:17

Бугунги кунда Ўзбекистон Евро Осиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик масаласида ҳар хил нуқтаи назар мавжуд бўлиб, поляр томонларнинг бахслашувига олиб келди. Албатта, қандайдир халқаро ташкилот ёки иттифоқлар билан муносабатга киришишдан олдин барча ижобий ва салбий томонларини ҳисобга олиш зарур. Шунинг учун бундай бахслар Ўзбекистоннинг келажаги учун фақат яхшилик келтиради, деб ўйлайман. ЕОИИ билан Ўзбекистон қандай шаклда ҳамкорлик қилиш мумкинлиги ҳақида фикр юритишдан олдин ушбу ташкилотнинг тузилиши, мақсади ва вазифаларига назар солсак.

Евро Осиё Иқтисодий Иттифоқи 2014 йилда ташкил этилган иқтисодий иттифоқ бўлиб, унга Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатлари киради. Молдова давлати кузатувчи давлат мақомига эга. ЕОИИ минтақавий иқтисодий интеграциялашув халқаро ташкилоти ҳисобланади. Ташкилотнинг мақсади - аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш борасида барқарор ривожланиш учун шарт-шароит яратиш, ЕОИИ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, миллий иқтисодиётларни модернизация қилиш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдир. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 70%  маҳсулот айланмаси ЕОИИ мамлакатлар билан боғлиқ.

Агар Ўзбекистон ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиб кирса, иттифоққа кирган давлатлар билан  тенг имкониятларга эга бўлади. Умумий иттифоқ бозорига кириш, меҳнат мигрантларига тенг шароит яратиш, инвестицион ресурслар ва технологияларга имконият яратилиши каби томонлари мавжуд. Агар божхона тартиботлари соддалаштириладиган бўлса, Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича савдо алоқалари кучайиши аниқ. Масалан, ЕОИИга аъзолик меҳнат мигрантларимизга қандай таъсир қилади? Ўзбекистон мигрантларнинг асосий қисми Қозоғистон ва Россия ҳудудида фаолият юритмоқда.

Россия Федерациясининг расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 2,1 миллион фуқароси декларация қилинган ва меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. ЕОИИга аъзолик билан Ўзбекистон мигрантларига патентни ва тиббий ҳужжатларни  расмийлаштирмасдан, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтихонларни топширмасдан меҳнат фаолиятини амалга ошириши мумкин бўлади. Меҳнат мигрантларимизнинг хоҳлаган ҳудудда бориб ишлаши мумкин бўлади. Бу ўз навбатида мигрантларнинг даромади ошишига олиб келади, Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ҳам кўпаяди. Меҳнат фаолиятини қонунийлаштирилиши ва расмийлаштирилиши меҳнат мигрантларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари таъминланишига, агар бузиладиган бўлса ҳимоя қилишга асос яратади. Ўзбекистон фуқаролари Россия Федерациясида миграция ҳисобида туриши лозим бўлган муддат 7 кундан 30 кунгача узайтирилади.

Лекин ЕОИИга аъзоликнинг салбий томонлари ҳам мавжуд: Божхона тарифларни тартибга солишнинг иттифоқ тасарруфига ўтиши, учинчи мамлакатлардан контрабанда маҳсулотларининг оқими кучайиши, айрим соҳаларда кескин рақобатнинг ортиши (автомобил ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, электротехника, кимё саноати, темир йўл транспорти ва авиатранспорт соҳалари). Техник регламентларнинг қўлланиши ҳам катта муаммо туғдириши аниқ. Чунки Ўзбекистон билан ЕОИИ мамлакатларининг техник регламентлари ҳар хил.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси доирасида ишчи гуруҳ тузилиб, ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи атрофлича ўрганилди. Барча эксперт гуруҳ вакиллари билан муаммолар юзасидан тушунтиришлар олинди. Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигининг миллий иқтисодиётга таъсири оқибатлари ижобий ва салбий бўлиши инобатга олинди. ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи кўтарилган пайтдан бошлаб “Адолат” социал-демократик партияси ва парламентдаги фракцияси аъзолари Ўзбекистонни ЕОИИга кузатувчи мақомида кириш позициясини маъқуллаб келдилар. Чунки кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон ЕОИИнинг барча йиғилишларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади, бу жараёнларда аъзо давлатларнинг қандай муаммоларга дуч келаётганини таҳлил қилишга имконият яратилади. Ўз навбатида, ҳозирги кунда техник регламентларидаги тафовутлар, божхона тарифлардаги келишмовчиликлар бўйича чоралар кўрилишига замин яратилади.

Жорий йилнинг 28 апрелида бўлиб ўтган парламентнинг қуйи палатасининг ялпи мажлисида ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласида депутатлар якуний қарорга келди. Кўпчилик овоз билан “Адолат” СДП маъқуллаб келинган ЕОИИга кузатувчи давлат мақомида кириш позицияси депутатлар томонидан маъқулланди.

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+