Тинч-тотув кунларга беталофат чиқайлик

08.04.2020 10:04:25

Коронавирус пандемияси бутун жаҳонга катта зиён келтираётган бир пайтда мамлакатимиз ҳам мана шу зарарли оқибатнинг таъсири остида қолди. Юртимизда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони аввалига кунига уч кишини ташкил этган бўлса, вақт ўтиши билан кунига 10-15 киши касалланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Коронавирус инфекцияси, айниқса, ёши улуғ инсонларга катта зарар кўрсатиши жуда ачинарли ҳол. Шу боис ҳам, юртимизда ушбу эпидемияга қарши курашишга қаратилган жиддий чора-тадбирлар қўлланилмоқда. Бугунги кунда ҳар бир фуқародан талаб қилинадиган қатъий тартиб-интизом катта аҳамиятга эга. Бу ҳолат бўйича Муҳтарам Президентимиз ўз маърузаси ҳамда халқимизга қарата қилган мурожаатномаси барчамизни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этади.

Бугунги кунда бутун жаҳонда минглаб одамлар ушбу касалликдан вафот этяпти. Афсуски, бизнинг юртимизда ҳам икки нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмди. Шифокорларнинг ўз умрини гаровга қўйиб қўлидан келганича халққа хизмат қилаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Касалликнинг ўчоғидан чиқиб, оиласи бағрига қайтганда, касалликни ўз фарзандига юқтириб қўйишдан қўрқиб, уни бағрига боса олмаётган шифокорларимизнинг дарду-азобини тушуниш қийин эмас.

Жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари яна бир бор халқимизга мурожаат қилди. Ушбу мурожаатда Президентимиз халқимиз бошига келган ушбу синов жараёнидан кучли ирода, сабр-тоқат ва катта масъулият билан ўтиб олишимизга катта ишонч билдирди.

Мана шундай оғир бир вақтда давлатимиз раҳбари ўз мурожаатномасида халқимиз аҳолисининг ҳар бир қатламига ўзининг алоҳида эътиборини кўрсатар экан, маданият ва туризм соҳаларига қаратилган имтиёзларни ҳам келтириб ўтди. Унга кўра, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар  туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, “Uzbekistan Airways” АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Ўзаэронавигация маркази” ДУКюридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади ва ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга бўлади. Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан, 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.

Шу билан бирга, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 28 мингдан зиёд ҳунарманд учун ҳам катта имтиёзлар йўлга қўйилиши айтиб ўтилди. Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилиши таъкидландики, бундай шарт-шароитлар ҳунармандлар учун катта имконият яратади.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш жараёни тўхтатилиши, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилиниши ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмаслиги алоҳида таъкидланди.

Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилиши айтилди.

Мамлакатимиз Президенти ўз мурожаатномасида ёшларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, уларни огоҳликка чақирди. Бунда албатта маърифатга интилиш, жисмоний соғломлик омиллари санаб ўтилди.

Ҳозирда коронавирус тарқалиши давом этмоқда. Буни тўхтатиш сиз ва бизнинг қўлимизда. Эпидемия ҳам ниҳоялаб, тинч-тотув кунларга чиққанимизда ҳаётимиз яна аввалгидек фаровон бўлиши учун ҳозирдан зарур тадбирлар қўллаш, эртанги кунимизнинг осойишталиги учун ақл билан иш қилиш барчамизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ўта куюнчаклик билан сўзлаган бу мурожаатнинг мазмун-моҳиятини халқимиз, ҳамюртларимизнинг ҳар бири тўла англаб етиб, унга масъулият билан эътибор қаратиши, давлатимиз томонидан белгиланган барча талаб ва қоидаларга бирдек амал қилиши жуда муҳимдир.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати,

 “Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари” қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+