Янгиликлар 5018
Томорқа эгасини ким ҳимоя қилади?
16.04.2020 21:04:41
Томорқадан оқилона фойдаланмаганлиги учун жавобгарлик белгилаш ушбу соҳани тўлиқ таҳлил қилинмаганлигидан далолатдир. Бугунги кунда томорқачиларнинг самарали меҳнат қилиши йилдан-йилга қийинлашмоқда. Бунинг сабалари қуйидагича:
- Ҳудудларда дренаж тизими эскирган ва ишдан деярли чиққан. Шу сабабли ердан сизот сувлар кўтарилмоқда, ер шўрлиги кенгаймоқда. Экинлар эса шўрга чидамай нобуд бўлмоқда.
2. Томорқачи экадиган уруғ ва кўчат сифати таваккал принципига асосланган. Яхши чиқса, униб чиқади, ёмон чиқса, пулига куйиб қолаверади. Уруғ ва кўчатни сотган ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди.
3. Сув танқислиги туфайли экинларни суғориш муаммоси. Сув ўзи кам, яна томорқаларга келадиган лотоклар синиб кетганлиги туфайли сувнинг асосий ҳажми томорқаларга етмасдан ерга сингиб кетади.
4. Томорқачи зараркунандаларга қарши курашда яккаланиб қолмоқда. Тизимли ёрдам хизмати ривожланмаган.
5. Экинларни яхши ўсиши учун ишлатадиган ўғитларни топиш муаммо.
6. Етиштирган маҳсулотини реализация қилишда қийинчилик мавжуд.
Бу муаммолар тизимли муаммолар қаторига киради. Нима қилиш керак?
1. Барча вилоятларда дренаж тизимини янгиланишига эътибор қаратилиши лозим.
2. Бошқа мамлакатлар тажрибасига таяниб, уруғ етиштирадиган ва сифатини кафолатлайдиган фирмалар очиш керак. Агар уруғ униб чиқмаслигида уруғ ёмонлиги тасдиқланса, томорқачига зарарни ундириб бериш керак.
3. Томорқаларга келадиган лотокларни алмаштириш ва сув йўқотишларига йўл қўймаслик. Томорқачиларни суғоришнинг янги усулларни ва технологияларни ўргатадиган мастер-класслар ўтказиш. Ушбу технологияларни қўллашга рағбатлантириш. Булар ҳам кун тартибидаги масалаларга айланмоғи лозим.
4. Зараркунандалар билан кураш технологияларини томорқачиларга доимий таништириб бориш ва зараркунандаларга қарши воситаларни сотадиган махсус дўконларни ҳар туманда очиш керак.
5. Томорқачилар учун экин озуқалари сотадиган махсус дўконларни ҳар туманда очиш зарур.
6. Томорқачилар етиштирадиган маҳсулотларини сотиш учун имтиёзлар ва қулайликлар яратиш даркор.
Бир нарса аниқки: Агар томорқачилар фаолиятига ёрдам берилиб, меҳнат қилишига қулайликлар яратилса, жарималарсиз ҳам унум бўлиши табиий.
Нодира ДЖАНИБЕКОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг