ВАТАН ТИЛДА СЕВИЛМАЙДИ, УЯЛАЙЛИК!

05.04.2020 12:04:22

Жаноб маданият вазири фикрларига депутат муносабати.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О. Назарбековнинг: “Ватан учун энг кўп хизмат қилувчилар бу санъаткорлар” деган иддаоси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ушбу иддаода маданият вазирининг таъкидлашича, Янги йил тантанаси  арафасида байрам арчаси безатилган майдонларда саъаткорлар 10-15 кунлаб совуқда хизмат қилармиш. Хўш, нима бўлибди шунга? Бу миннатми ёки сифат?!

Эсимни танибманки, туманимдаги ёки Жиззахнинг бошқа туманларидаги арча байрамларида 10-15 кун тугул бир кун ҳам таниқли санъаткорларнинг келиб хониш қилганини кўриш тугул, эшитмаганман (Мустақиллик ва Наврўз сайлларида уларнинг “эпизод”ларда кўриниш берганини айтмаса).

Аммо эсимни таниганимдан бери қишнинг қоқ чилласида қирқ кунлаб ғаллага, ёзнинг  50 даражали саратонида пахтага сув қўйган – эрта-ю кеч эл ризқу учун даладан аримайдиган бободеҳқонларни биламан.

Бу камтар ва заҳматкаш инсонларнинг бирор марта хизматини кўз-кўз қилиб, “халқимиз хирмонини биз кўтаряпмиз”, “биз бўлмасак, халқ оч қоларди” қабилида миннат қилганини эшитмабман.

Йиллаб кийик юрмас тоғларда белигача қорга ботиб, шу мамлакат тинч бўлсин, кечалари шу элдошларим осуда ором олсин, тўйи тўйдек, байрами байрамдек ўтсин, деҳқони хирмон кўтарсин, дуогўйи дуо қилсин, санъаткори созини жаранглатсин, деб ўз йигитлик бурчини ўтаётган минглаб ҳарбий хизматчиларнинг кундалик гапи нима биласизми?! Билмасангиз билиб олинг: “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!” – дейди ва зинҳор-базинҳор “Хизмат қилдим”, “Хизматни қилиб қўйибман!”, “Ўзбекистонга энг кўп хизматни ҳарбийлар қилади!” каби миннатомуз иддао қилмайди. Чунки бундай гапни айтишга тили бормайди ушбу юрт ўғлонларининг...

Агар тинчлик бўлмаса ё халқимиз дастурхони тўкин бўлмаса, халқнинг кўнглига куй-ялла сиғмармиди?! Қолаверса, вазир жаноблари таъкидлаган санъаткорлар (кўпи санъатдан йироқ тужжорлар!)нинг аксарияти қилган “хизматлари”ни сахий халқимиз ҳеч қачон назардан четда қолдирмайди, доим отнинг калласидай қилиб ҳаққини бериб келган.

Мен, бор йўғи икки касбни мисол келтирдим. Ватанни яна юзлаб қалбида ва амалида севиб, хизмат қилиб келаётган касб эгалари борки, бу фидойи инсонлар ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин.

Улардан бири – бугун ўз касб байрамини нишонлаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бўлса, яна бири - шифокорлар.  Кимдир тавсияга амал қилиб, кимгадир шундоғам жон ширинлигидан ҳамма ишини ташлаб уйда ўтирган бир пайтда, дўконга бирровга чиқиб келгач, йўталиб қолса кўнглига ғулғула тушадиган паллада тиббиёт ходимлари вирус ўчоғида, беморлар билан ҳамнафасликда кечани кеча, кундузни кундуз демай, ўз соғлиғи ва ҳаётини таваккалчиликка қўйиб меҳнат қилмоқдалар. Бу иш билан совуқда қўшиқ куйлашни таққослаш шарт эмасдир.  Умуман олганда, халқ хонандаларнинг қўлига қараб қолмаган, саховатпеша инсонлар кўп, дунёни яхшилик қутқаради.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман кенгаши депутати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Алишер Алиматов
2020-04-10 04:10:35
Озодбек Назарбеков бу гапни хонанда сифатида айтса уни тушунса бўларди, лекин вазир сифатида гапириши бу албатта нотоғри. Бу бошқа соха вакилларини камситиш хисобланади. Вазир аслида хукуматнинг маълум сохадаги вакилидир. Демак хукумат нуқтаи назарини бундай ифодалаш мансабдор шахснинг етарлик даражада маънавияти ёки маданияти йўқлигидан далолат беради. Қанчадан қанча хизматини холис, беминнат қилувчилар бор, шу жумладан маданият сохасида хам. Бу ишига улар маош хам, еки унвонлар хам олишни ўйламайдилар. Вазирни келтирган мисоли хам жуда ноўрин, буни танқид қилган депутат тўғри шархлабди.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+