Бор меҳримиз сенга, Асалхон!

01.06.2021 17:06:53

1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Республика Гематология ва қон қуйиш институтида беғараз донорлик акцияси ўтказилганида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари шу тиббиёт масканида даволанаётган ва партия томонидан бемор болажонларимиз учун уюштирилган байрам тадбири тўғрисида ОАВдаги эълон орқали эшитиб, ташриф буюрган кўплаб болажонлар билан дўстлашиб улгурди.

Тадбирда  иштирок этиб, барчани ўзининг қўшиқлари билан хурсанд қилиш учун Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридан  ташриф буюрган митти меҳмонларимиздан бири Асалхон Раҳмонова бўлди.

Болаликдан туғма ногирон қизалоқ Тошкент шаҳридаги кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернатининг 3-синфида таҳсил олади. Ёзги таътилда мазза қилиб дам олаётган Асалхон  бугун онажони Барно опа билан эрта саҳардан Бекобод шаҳридан Марказга етиб келди.

 Байрам тадбиридаги болажонларнинг шўхликлари, кулгулари, югуришиб, чопиққлашларини эшитиб, жони-тани билан ҳис қилаётган қизалоқ бизни даврамизга ийманибгина келиб қўшилди. Болажонларимиз дарров унга эътибор бериб, ўраб олишди ва биргаликда шеър  айтишга таклиф қилишди. Тенгқурларидан бундай меҳрибонлик, самимий ҳамжиҳатлик билан қўллаб-қувватланишини кутмаган Асалхон жудаям қувониб кетди ва куйлаганда фойдаланиш учун доим ёнида олиб юрадиган микрофонини янги дўстлашган ўртоқларига кўрсата кетди. Болажонлар унинг микрофонига қизиқиб, қўшиқ айтиб беришини илтимос қилишганида, бу дунёни кўзлари билан кўра олмаса ҳам, меҳрни қалб кўзи билан кўра оладиган  Асалхонинг қувончини кўрган ҳар ким унинг қалбида жўш ураётган ҳиссиётларини осонгина илғай оларди.

 Асалхоннинг  болалар даврасида  янграган ширали овози партия раҳбарияти, фракциямизнинг депутатлари ва бошқа барча меҳмонларнинг диққат- эътиборини тортди.

Тайёрлаб келган ашулаларини айтиб тугатгач, Асалхонга партия ва бошқа ҳомийлар томонидан тайёрланган совғалар, ширинликлар топширилди.

Партия ходимларининг болалари Асалхонни яхши кўриб қолишди ва бирга расмга тушириб қўйишларини катталардан илтимос қилишди. Шу пайт ходимларимиздан бирининг неваралари билан расмга тушаётган Асалхон секингина унинг кўйлагини силаб, энтикиб  қўйди ва онасига: “Онажон, менга ҳам ўртоғимникига ўхшаган чиройли кўйлак олиб беринг, саҳнага чиққанимда кияман, илтимос..”-деди.

Шунда  ходимларимиз Асалхондан туғилган куни қачонлигини  сўрашди ва туғилган кунида унга ҳам партиямиз шундай чиройли кўйлак совға қилишини айтишди.

Бу гапдан чиройли либосни худди шу ондаёқ кийгандек шодланиб, руҳланиб кетган қизалоқ “10-июнда туғилган куним. Сизларни таклиф қиламан” – деди.

Биз у билан 10 июнь куни албатта яна кўришишимизни айтиб, хайрлашдик.

Бугун болажонларимиз  қаторида ўзларимиз ҳам уларнинг қувончини кўриб, болалик дунёсига қайтган  байрам тадбирида митти одамчаларнинг хаста нигоҳида порлаган қувончдан  сўнг қилган ишимиздан янада мамнун бўлиб,  болажонлар билан кўп суҳбатлашдик, рақсга тушдик.

Улар орасида Асалхон қизимиз қалбимиздан ўзгача жой олди.

Яна учрашгунча, АСАЛХОН!

Ўзбекистон "Адолат" СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+