Бор меҳримиз сенга, болажон

16.03.2022 19:03:36

Бир томчи қон бутун бир ҳаёт демакдир. Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонидан берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли эҳсондир.

Дарҳақиқат, кимгадир қон бериб унинг жонини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиш шарафли ва савобли иш ҳисобланади. Тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам қон беришнинг организмга фойдаси исботланган бўлиб, донорлик қон алмашинишини таъминлаши таъкидланади.

Хабарингиз бор, кўп йиллардан буён «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан анъанавий тарзда Республикамиз ҳудудлари бўйлаб «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Мазкур донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад партиянинг аҳоли саломатлигини сақлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш ва шу орқали тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.

Бундан ташқари, акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларининг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ўз ичига қамраб олади.

Айни шундай эзгу мақсадларни кўзлаган партиянинг навбатдаги беғараз донорлик акцияси жорий йилнинг 16 март куни Республика Қон қуйиш марказида ўтказилди.

Акцияда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари, депутатлар, Тошкент шаҳар ИИБ, Миллий гвардия, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳамда кўплаб кўнгиллилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Айтиш жоизки, акцияда қатнашган кўнгилли донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир. Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донор бўлишдек савобли ишда иштирок этдилар.

Акция иштирокчилари таъкидлаганидек, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик - кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

 

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+