Кўнгилли донорлар ўз қонларини болажонлар учун эҳсон қилишди

03.12.2021 17:12:23

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан 8 декабрь – Конститутция куни муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.

Донорлик акцияси республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилди.

Ўтган давр мобайнида партия томонидан ташкил этилган донорлик акциялари доирасида Республика миқиёсидаги жами 6156 нафар донорлар иштирок этиб, 2 минг 154 литр, 600 юз грамм қон йиғилди ва йиғилган қонлар 12 минг 312 нафар қонга мухтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.

Карантин вақтида донорлар сони кескин камайди ва оғир беморларга, айниқса болажонлар учун донорлик қони ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ заруратга айланди. "Адолат" СДП ташаббуси билан анъанавий равишда ташкил этиб келинаётган "Бор меҳримиз сенга, болажон" донорлик хайрия акциясининг айни кунларда долзарблиги янада ошди.

Бир томчи қон бутун бир ҳаёт демакдир. Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонидан берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир.

Кимгадир қон бериб унинг жонини сақлаб қолишга ўз хиссасини қўшиш мумкин. Бу жуда хайрли ва савобли иш. Тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам қон беришнинг организмга фойдаси исботланган бўлиб, донорлик қон алмашинишини таъминлаши таъкидланади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари йилдан йилга такомиллаштириб борилмоқда. Тиббиётга оид қонуний меъёрлар таҳлил этилиб, ҳар бир нуқтага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

2002 йил қабул қилинган “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юртимизда бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. 2016 йили мазкур қонунга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жумладан, унга кўра “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бундан асосий мақсад қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларини бепул донорликка жалб этишдан иборатдир.

2013 йил Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи асосида “Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Унга мувофиқ 18 ёшга тўлган ва тиббий кўрикдан ўтказилган шахс донор бўлиши мумкин. Донорлар дастлаб сўровномани тўлдириш ва суҳбат ўтказиш йўли билан танлаб олинади.

Бугунги тадбирнинг бош мақсади ҳам инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат.

Эрта тонгдан кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди. Барча донорлар қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшганидан ҳурсанд. Дарвоқе, сиёсий куч сафида бундай саховат камарини белида маҳкам боғлаган  партиядошларимиз ҳам кўп. Партия электорати  ва  фаолларининг  мазкур соҳа самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиши янада муҳим. Бу ўринда тарғибот ишлари билан бирга партия фаолларининг кўнгилли донорлар қаторида бўлишлари ибрат намунасини кўрсатди.

Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир.  Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донорлик қилдилар. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик - кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, синовли кунларда ўтказилаётган мазкур хайрли ишда халқимизнинг яна бир бор жипслашуви, бемор болажонлар учун кўмакка интилишини кўриб қувондик.

 «Адолат» СДП ташаббуси ушбу меҳр-оқибат занжирини янада жипслаштириб, бемор болажонларнинг тезроқ шифо топишларида етакчи омил бўлаётир.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсталик совғалари топширилди.

Донорлик акцияси давом этмоқда.

"Адолат" СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+