Янгиликлар 394
“Адолат” СДП пиёдалар йўлларида ногиронлар учун тенг шароитлар яратиш, ногиронлар учун светофорларда махсус товуш чиқарувчи қурилмалар ўрнатишни таклиф қилмоқда
Ижтимоий давлат ва адолатли жамият барпо этиш шароитида ногиронлиги бўлган одамлар учун пиёдалар йўлакларида тенг шароитлар яратиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ногиронлиги бор шахслар учун шаҳар инфратузилмасини мослаштириш орқали уларнинг йўлларда мустақил ҳаракатланишини, хавфсизлиги ва барча жамият аъзолари билан бир хил имкониятларга эга бўлишини таъминлаш “Адолат” СДПнинг муҳим ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда светофорларда махсус товуш чиқарувчи қурилмаларнинг ўрнатилиши ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан, кўриш қобилияти паст ёки батамом йўқолган инсонларнинг йўлларда эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини осонлаштиради. Бу қурилмалар йўлни кесиб ўтиш вақтида унинг очиқ ёки ёпиқ эканлигини товуш орқали йўловчига билдиради, қурилма светофор чироғининг рангига мувофиқ турли хил товушлар чиқаради.
Светофорларга бундай қурилмаларнинг ўрнатилиши нафақат ногиронлиги бўлган шахслар, балки йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг йўлларда диққатини жамлашга, йўл ҳаракати қоидаларига эътиборли бўлишларига хизмат қилади.
Махсус товуш чиқарувчи светофорлар дунё давлатларидаги қатор йирик шаҳарларида, хусусан, Япониянинг Токио, АҚШнинг Нью-Йорк, Сан-Франциско, Австралиянинг Мелбурн, Сидней, Германиянинг Берлин, Мюнхен, Буюк Британиянинг Лондон, Канаданинг Торонто ва Ванкувер каби шаҳарларида кенг қўлланилади.
Бу мамлакатлардаги шаҳар инфратузилмаси кўриш қобилияти паст бўлган шахслар учун махсус мослаштирилган бўлиб, уларнинг мустақил ҳаракатланишини осонлаштиради.
Таҳлилларга кўра, махсус товуш чиқарувчи светофорларнинг ўрнатилиши пиёдалар кесиб ўтиш йўлакларида содир этиладиган қоидабузарликларни Нью-Йорк шаҳрида 15% га, Токио шаҳрида 10-12% га, Сидней шаҳрида 25% га, Берлин шаҳрида 12% га камайишини таъминлашга хизмат қилган.
Умуман олганда, махсус товуш чиқарувчи светофорлар йўлларда қоидаларга риоя қилишни яхшилаш ва қоидабузарликларни камайтиришда муҳим роль ўйнайди. Улар ҳаракат иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳурмат ва хавфсизликни оширишга хизмат қилади.
Фикрингизни қолдиринг