Янгиликлар 593
«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан имзо йиғиш жараёнлари давом этмоқда
Маълумки, жорий йилнинг 27 - октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман(шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайлови бўлиб ўтиши муносабати билан партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш ишлари уюшқоқлик билан бошлаб юборилди.
Қорақалпоғистон Республикаси соғликни сақлаш вазирлиги Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида имзо тўплашга қаратилган тадбири ҳам юқори даражада сайловчиларнинг фаоллигида самарали кечди.
Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, тиббиёт бирлашмаси мутахассислари, бошланғич партия ташкилоти, шунингдек, «Аёллар ва ёш адолатчилар қаноти» аъзолари ҳамда фуқаролар фаол иштирок этишди.
Тадбир давомида, ташкилотчилар томонидан имзо қўйишга келган фуқароларга партиянинг асосий ғоя ва мақсадлари, унинг тиббиёт соҳасида олиб бораётган ташаббуслари ва фаолияти ҳақида айтиб ўтилди.
- Партияни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғиш жараёнлари бўлаётганини эшитиб, партиянинг шиор ва рамзлари билан безатилган, сайловчилар учун барча қулайликлар яратилган имзо йиғиш пунктига келдим. Эрталабдан имзо қўйиш учун келаётган халқни кўриб кўнглим кўтарилди. Чунки бу партияга меҳрим бўлакча. Партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида унинг Нукус она ва бола скрининг марказида олиб борган ўрганиш ишларида яқиндан танишдим,-дейди тиббиёт бирлашмаси шифокори Даулетова Баҳаргул.- Партия томонидан хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, бемор болаларга ёрдам бериш мақсадида ўтказилаётган «Бар меҳримиз сенга болажон» лойиҳалари эътиборимни тортди. Партиянинг тиббиёт соҳасида олиб бораётган фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида унинг бўлажак сайловларда иштирок этиши учун ўз хоҳишим билан имзо қўйдим.
Имзо тўплаш жараёнида 100 дан ортиқ сайловчилар иштирок этган бўлиб, улар орасида бу йил сайловда илк бор иштирок этадиган ёшлар ҳам бор.
- Бу йил илк бор сайловда қатнашаман."Адолат" социал-демократик партияси ёшларни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий куч сифатида ёшлар эътиборидан ўрин олган. Партия томонидан иқтидорли ёшларни излаб топиш ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали ёшлар жамиятда ўз ўрнини топишга эришмоқда, — дейди Аллаяр Есемуратов. — Сайлов — бу эртаги кун дегани. Келгусида оилам, яқинларим, маҳаллам ва давлатимда ўзгаришлар рўй бериши учун ўзим маъқул деб топган партиянинг бўлажак сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлайман.
Қорақалпоғистонда имзо йиғиш жараёнлари давом этмоқда.
Амангул ЕСEМУРАТОВА
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг