Янгиликлар 565
“Адолат” СДП сайловга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келмоқда
Маълумки, жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури лойиҳасини такомиллаштириш учун ҳудудларда партия фаоллари иштирокида оммавий эшитувлар, учрашувлар ўтказилиши белгиланган.
Бугун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳри партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси юзасидан биринчи оммавий эшитув тадбирига мезбонлик қилди. Унда Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Махмудова, вилоят ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, партия фаоллари, депутатлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни партия етакчиси кириш сўзи билан очиб, янги Сайловолди дастури лойиҳаси халқимиз орзу-истаклари, фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларини қамраб олиш ва халқчил таклифларни илгари суришда партиянинг келгуси беш йилликдаги стратегик ҳужжати бўлиши кутилаётганини эътироф этди. Қолаверса, ушбу муҳокама жараёни, тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва тавсия дастурни янада мукаммаллаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Валиев “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлари тўғрисида” маъруза қилди.
Қайд этилганидек, дастур лойиҳаси иқтисодий барқарорликни таъминлаш, партия электорати вакилларининг ижтимоий муҳофазаси ва хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги тенгликни таъминлаш ҳамда давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олган.
Сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бир йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилди. Бунда партия Устави ва шу пайтга қадар қабул қилинган асосий дастурларининг танқидий таҳлилига, 150 дан ортиқ хорижий давлатлардаги социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатларнинг тажрибасини ўрганишга, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси ҳамда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларига эътибор қаратилди.
Тадбир сўнгида жамоатчилик томонидан қўшимча таклиф ва тавсиялар билдирилди, фикрлар алмашилди. Сайловолди дастурини муваффақиятли амалга ошириш, ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича билдирилган таклифлар экспертлар томонидан ўрганиладиган бўлди.
— Ушбу учрашув партиянинг келгуси стратегик режаларини белгилаш жараёнида самарқандлик "адолатчилар" ҳам ўз таклифларини билдириши учун самарали бўлди,- дейди "Ёшлар парламенти" аъзоси, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Самарқанд вилоят бўлими мутахассиси Дилнур Аъзамов. — Шу ўринда қайд этиш жоизки, янги Сайловолди дастурни ишлаб чиқиш бошланганида, мен қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва ичимлик сувини тежаш мақсадида техник сувлардан янгича ёндашув ва жаҳон тажрибаси асосида унумли фойдаланиш таклифини бергандим. Бугун бизга тақдим этилган дастурни ўқиётганимда, менинг таклифим ҳам дастурдан жой олганини кўриб, хурсанд бўлдим. Умуман олганда, партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган дастури турли соҳаларни ривожлантириш учун халқчил таклиф ва ғояларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Демак, "Адолат" СДПнинг жорий сайловдаги иштироки муваффақиятли кечишида Сайловолди дастурнинг юқорида таъкидлаганимиздек, бир қанча афзалликларга эга экани ҳам муҳим роль ўйнайди.
Албатта, бу каби учрашувларнинг "Адолат" СДП томонидан юқори савияда тизимли ўтказилиши партиянинг жамият олдидаги масъулияти ва бўлажак сайловлардаги ғалабага бўлган имкониятларини юксалтиришга хизмат қилади.
“Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг