Адолат” СДПнинг XIV Пленуми “Адолат” – ҳар бир инсон учун!” шиори остида ўтказилди

29.07.2024 17:07:23
Хабарингиз бор, жорий йил 27 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси қарори асосида сайлов кампаниясига старт берилди.
Шундан келиб чиқиб, бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги XIV Пленуми ўтказилди.
Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Пленумда мазкур сайлов янгича амалиёт – аралаш сайлов тизимида ҳар бир овоз учун кескин кураш кетиши, бу ўз навбатида, соғлом рақобат муҳитида сайловчилар ишончини қозониш, партия уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи асослантирилган таклиф ва ташаббуслар, эзгу ғояларни илгари суришни талаб этиши қайд этилди.
Албатта, сайлов – “Адолат” СДП учун ўтган даврдаги фаолиятига чинакам баҳо берадиган, муҳим сиёсий жараён саналади. Шу билан бир қаторда вакиллик органларига ўз номзодларини кўпроқ сайлаш орқали мақсад ва ғояларини самарали амалга оширувчи, мамлакат сиёсий-ҳуқуқий майдонидаги ўрнини мустаҳкамловчи, бир сўз билан айтганда, келгусидаги муваффақиятларини таъминлаб берувчи имконият ҳамдир.
Пленум давомида партиянинг 2024-2029 йиллар учун мўлжалланган Сайловолди дастурини тайёрлаш учун партия электорати, хайрихоҳлари ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг фикр ва таклифларини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва улар бўйича манзилли ечимлар таклиф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш қизғин давом этгани таъкидланди.
Шунингдек, соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда Сайловолди дастурни аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий адолатни таъминлашга йўналтиришга келишиб олинди.
Шундан сўнг сайловда муносиб иштирок этиш учун партиянинг салоҳияти етарли эканлиги, галдаги бош вазифа – сайлов жараёнларида яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, партиядан депутатликка муносиб номзодларни кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.
Пленумда “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова бўлажак сайловларда муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлишига ишонч билдирди ва барча “адолатчилар”ни фаолликка чақирди.
Якунда “Адолат” СДПнинг сайловда иштирок этиш юзасидан стратегик режалар белгиланди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 
“Адолат” СДП
Матбуот хизмати
 
 
 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+