Янгиликлар 495
Арнасойда ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди
Хабар берилганидек, айни кунларда Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг туман ва шаҳарлардаги маҳаллий кенгашлари ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда. Арнасой туман Кенгаши томонидан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мажлислар залида ўтказилган XI ҳисобот-сайлов конференцияси танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.
Унда туман кенгаши аъзолари, депутатлар, бошланғич партия ташкилоти ҳисобот-сайлов йиғилишидан сайланган делегатлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар-туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик, «Адолат» СДП Арнасой туман Кенгаши, депутатлик гуруҳи, шунингдек, назорат-тафтиш комиссиясининг ўтган 5 йилликдаги фаолияти таҳлил қилинди.
Дастлаб Ўзбекистон «Адолат» СДП Арнасой туман Кенгаши раиси Шавкат Худойқуловнинг Кенгаш томонидан 2020-2024 йиллар давомида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. У ўз сўзида партия аъзолари сони йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, хусусан, ҳозирда аъзолар сони 6 944 нафар бўлиб, шундан 2537 нафарини аёллар, 2335 нафарини ёшлар ташкил этишини таъкидлади. Туман Кенгаши томонидан ўтган давр мобайнида партиянинг «Муаммо билан юзма-юз», «Бир ойда бир иш ўрни», «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи», «Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш-демократик жамият пойдевори» лойиҳалари доирасида туманда ёшларнинг, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Аҳоли хонадонларида бўлиб, юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар чоғида кўтарилган масалаларни маҳаллий кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ечимини топиш, муаммоларни ҳал этиш орқали партия дастуридаги талайгина вазифалар амалга оширилди. Бунинг натижасида туманда партиянинг танилувчанлиги ошганлиги, аъзолар сони сезиларли даражада ўсганлиги алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг депутатлик гуруҳи раҳбари О.Усмоновнинг Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг ўтган давр мобайнида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Конференцияда Ўзбекистон «Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши матбуот котиби Шаҳноза Соатова иштирок этди. У Арнасой туман Кенгаши ва депутатлик гуруҳининг 2020-2024 йиллардаги фаолиятига ижобий баҳо берди. Шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди. Шунингдек, «Адолат» СДП томонидан туман депутатлигига номзодларни кўрсатиш, сайлов кампанияси тадбирларини юқори савияда ўтказиш масаласи қизғин муҳокама қилинди. Конференцияда депутатлар ва партия фаоллари орасидан Ўзбекистон «Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги конференциясига делегатлар сайланди.
Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
«Адолат» СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг