Байрамона тадбирда «Заковат» турнирининг “Ёш адолатчи” ғолиблари тақдирланди

20.10.2022 16:10:51

Бугун «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамда Урганч Давлат университети академик лицейи ҳамкорлигида мазкур муассасада 21 октябрь- Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлиши муносабати билан «Муқаддасим, мунавварим, она тилим!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирга партия фаоллари, депутатлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, мазкур лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчилари, партия қошида ташкил этилган «Истеъдод» клуби аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, дунё халқлари ва миллатларининг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу уларнинг миллий тили ҳисобланади. Шундай экан ҳар бир тилнинг сақланиши ҳамда ёш авлодга етказилиши, халқ тараққиёти ва унинг келажагини белгилайди. Биргина тил кўплаб халқларни ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди, уни авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди.

Шунингдек, тадбирда 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилингани, бу Қонун халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлгани. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили» эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилгани тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар иштирокчиларнинг диққат марказидан жой олди.

Тадбир 16 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи» да Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Заковат» ўйинининг Республика босқичида 1-ўринни эгаллаб, ғолибликни қўлга киритган УрДу академик лицейи ўқувчилари, ёш адолатчи ғолиблар партиянинг «Адолат белбоғи», «Адолат дўпписи» ва сертификати ҳамда партиянинг фаол ўқитувчи аъзоларини тақдирлаш билан давом этди.

Сарвиноз Раҳимбоева, лицей ўқувчиси, «Заковат» ўйини ғолиби, ёш адолатчи:

Шу кунлар ҳаётимизда унутилмас кунлар вазифасини ўтамоқда. «Заковат» ўйинида бор истеъдодимизни, билимимизни юзага чиқардик ва шартларни моҳирона бажардик. Ғолибликни қўлга киритганимиз тўғрисидаги хабардан хурсанд бўлган бўлсак, бугун энг улуғ байрамимизга бағишланган тадбирда партиямиз томонидан етти нафардан иборат жамоамиз аъзоларига бир неча йилдан буён орзу қилаётганимиз - «Адолат дўпписи ва белбоғи» билан тақдирландик. Бу эътибор бизга янада кучли билимга эга бўлишимиз учун зиммамизга катта масъулият юклади.

Тадбир истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган байрамона саҳна кўринишлар, шеър ва қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Воҳамизда бу каби тадбирлар давом этмоқда.

 

                                                                              Замира Абдуллаева,

                                                                                                                           “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+