Янгиликлар 564
Бизни қўллаб-қувватлашяпти
Юртимиз сиёсий ҳаётида муҳим жараёнлардан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кампанияси доирасидаги имзо йиғиш тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Партияларнинг сайловда иштирокини ёқлаш мақсадида ўтказилган тадбирлар 2-августдан старт олиб, шу кунгача ҳудудларда, иш, ўқиш қизғин давом этди. Уларда минглаб сайловчилар Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг жорий сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватлаб, буни имзо йиғиш қайдномаларида акс эттирди.
Барча ҳудудларда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам ана шундай тадбирлар кенг кўламда, партия хайрихоҳлари, депутатлар, фаол ёшлар иштирокида уюшқоқлик билан ўтказилди. Аҳамиятлиси, тадбирларда андижонликларнинг сиёсий фаоллиги ва партиямизга бўлган қизиқиши тобора юксалаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
– Кейинги вақтда жамоатчиликда сиёсий партиялар фаолиятига қизиқиш ортиб боряпти, -дейди Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева. – Буни бизга қилинаётган мурожаатлар ва сафимизга қўшилиш истагидагилар сони ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Сайлов кампаниясининг биринчи босқичи бўлган имзо йиғиш тадбирларида ҳам бу ўз ифодасини топмоқда. Фуқаролар нима учун имзо қўяётганини тушунган ҳолда муносабат билдиряпти. Ишонаманки, шу йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда ҳам муносиб иштирок этиб, сиёсий фаоллигини амалда кўрсата олади.
Партиянинг Андижон вилоят Кенгаши томонидан Андижон шаҳридаги деҳқон бозорида ташкил этилган тадбир аввалида масъуллар томонидан сайловчиларга мамлакатимиздаги сайлов қонунчилиги, сиёсий партиялар фаолияти ва бу йилги сайловлар янги тартибда ўтказилиши юзасидан тушунчалар берилди.
– «Адолат» партиясининг жорий сайловда иштирок этишини ўз имзом билан қўллаб-қувватладим, - дейди шифокор, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби Исломбек Бектошев. – Бу жойда партия вакилларидан «Адолат» СДПнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Шубҳасиз, саломатлик – энг катта бойлик. Юртимизда сўнгги йилларда тиббиёт секторини ривожлантириш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар, амалий ишлар натижаси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишни мақсад қилган ва бу йўлда бир қатор таклифларни илгари сураётган партияга қизиқишим ошди, дея айта оламан.
70 нафардан ортиқ сайловчи иштирок этган имзо йиғиш жараёнида «Адолат» СДП жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун устуворлиги, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасида қатор ташаббуслар билан чиқаётгани алоҳида эътироф этилди.
«Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг