Янгиликлар 299
Cайловчилар манфаати депутатликка номзодлар эътиборида
Жорий йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Ушбу муҳим сиёсий жараён олдидан депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда. Учрашувларда номзодлар сайловолди дастурларида илгари сурилган халқ манфаати ва миллий тараққиётга хизмат қилувчи муҳим ғояларни кенг оммага етказишмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этаётган тадбирларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда партиянинг сайловолди дастуридаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинмоқда. Ушбу дастур мамлакатимиз ривожи, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигига асосланган давлат қуришни асосий мақсад қилиб белгилаган.
Бугун Қашқадарё вилоятининг 63-сайлов округида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзоди кўрсатилган Мансур Мирзаевнинг ишончли вакили Муроджон Рашидов иштирокида сайловчилар билан навбатдаги учрашув ўтказилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгашида ташкил этилган мазкур учрашувда Рашидов партиянинг сайловолди дастуридаги асосий ғоялар ва йўналишларни кенг тушунтириб берди.
Учрашувда вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов сайловнинг юртимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги ўта муҳим аҳамиятини таъкидлаб, партиянинг сайловолди дастури, таклиф ва ташаббуслари ҳақида қисқача тўхталди. Қайд этиланидек, “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастурида “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” ғояси асосий тамойил сифатида белгиланган бўлиб, бу ғоя юртимизда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнини кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Раупов партия дастурида халқ хўжалигининг барча жабҳалари қамраб олингани таъкидланди. Хусусан, тиббиёт, таълим, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашни кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш асосий мақсадлар қаторида экани эътироф этилди.
Партия фаоли, ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева ҳам сайловолди дастурининг мазмуни ва асосий ғоявий йўналишлари ҳақида батафсил тушунтириш берди. Унда номзоднинг ишончли вакили Муроджон Рашидов иқтисодиётни янада ривожлантириш учун транспорт ва логистика соҳасини модернизация қилиш зарурлигини таъкидлади. Янги йўлларни қуриш ва мавжудларини цемент-бетон қопламага ўтказиш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жазо чораларини кучайтириш таклифлари илгари сурилди. Жумладан, маст ҳолда автомобиль бошқарган ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳайдовчиларни умрбод ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш ҳақида қонуний таклиф ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув давомида сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, таклиф ва саволларга номзод томонидан аниқ жавоблар қайтарилди. Номзод дастурига киритилган таклифлар аҳолининг кенг қўллаб-қувватловига сазовор бўлди. Сайловчи Муҳиддин Жавлиев учрашувдан олган таассуротларини бўлишиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини ошириш, суғурта суммаларини кўтариш каби таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди. Зарина Маматқулова эса барча сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларидан хабардор бўлиб бораётганини, айниқса “Адолат” партиясининг ғояларига катта ишонч билдирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур партия дастури кўплаб фуқаролар қалбидан жой олиб, сайловларда муваффақият қозониши кутилмоқда.
Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгашига номзоди кўрсатилган Муяссар Халилованинг ишончли вакили Умарбек Ҳайдаров ҳамда Қарши шаҳар Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Манзура Ачилованинг ишончли вакили Акмал Ҳайитовлар ҳам ўз номзодларининг дастуридаги халқчил ғояларни кенг тарғиб этдилар.
Қашқадарё вилоятида сайловолди учрашувлари давом этмоқда.
“Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг