Янгиликлар 4730
Дарахтлар ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди
Дарахтлар ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди: улар карбонат ангидридни биз нафас олувчи кислородга айлантириб беради, иссиқ кунда салқинликни ҳадя этади, баъзи дарахтларнинг саломатлик учун фойдали бўлган ширин мевалари истеъмол қилинади.
Дарахтлар шаҳар ҳароратини қандай сақлайди? Дарахтлар, бошқа ўсимликларнинг барглари ва шоҳлари ёз ойларида қуёшдан келаётган иссиқлик қувватининг фақат 10-30 фоизини пастга ўтказар экан. Натижада ер устида ҳарорат мўътадил бўлар экан. Шундай фойдали бўлган неъматни асрайлик, асрайлик...
Кўчат экиш, боғ яратиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналади. Оталарнинг фарзандига атаб дарахт экиши ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилган.
Мустақиллик йилларида шаҳар ва қишлоқларимиз, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, айниқса таълим муассалари ва ўқув юртларида кўчат экишдек эзгу анъана шаклланди.
Ёдимда, бу даврда хатто ҳукумат даражасида кўчат экишга яна ҳам катта эътиборни қаратилиб келинмоқда. Тошкент вилояти ҳокимлигида вилоят худудидан ўтган катта ҳалқаро автойўллари трассаси атрофига манзарали кўчатлар экишни ташкил этилиши белгиланган эди. Шунда менга Тошкент вилоятининг “Маҳалла” жамғармаси раиси сифатида Тошкент-Олмалиқ катта автотрассаси бўйига кўчат экишни ва парваришини ташкил этиш юклатилди. Ушбу топшириқни баҳорда кўчат экилишидан токи, кузгача парваришига вилоят йўл бошқармаси хизматини жалб этган ҳолда назорат қилдим. Ёзнинг иссиқ кунларида кун аро автомашинада сув келтириб қуйишларини таъминланишини шахсан кузатиб, назорат қилиб бордим. Натижада экилган кўчатлар тўлиқ қуритилмай ўстириб олинди, мана ҳозир улар катта дарахтлар.
Кўчат экин мавсуми охирлаб бораётган пайтда, бир куни эрталаб хизматга бораётганда, менга телефон қўнғироғи бўлиб, тезда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига Бош вазир қабулига етиб келишимни айтишди. Шу даврда Бош вазиримиз Шавкат Мирзиёев эди. У киши мени қабул қилиб, “Тошкент вилоятида кўчат ва гуллар экиш мўлжалга етарлича бўлмабди, Сиз вилоят бўйича қўшимча дарахт ва гул кўчатлари экилишини ташкил этсангиз ва менга натижаси ҳақида маълумот берасангиз” деб топшириқ бердилар.
Мен тезда ишга киришиб, деярли кўчатлар экиш мавсуми тугаётгани ва кўп миқдорда кўчатлар сотиб олиш имкониятлари қолмаганига қарамай, Сурхондарёдан арча, терак, мевали дарахтлар кўчатлари, Шредер боғдорчилик илмий-текшириш институти хўжаликларидан гуллар олиб келиб, вилоятнинг туманларига тарқатиб, қўшимча кўчат ва гуллар ўтқазилиниши ташкил этдим ва топшириқни бажариб, натижаси бўйича хабардор қилдим.
Яқин вақтда Тошкентдаги “Камолон Дарвоза” МФЙга раислигимда Бўстонлиқ туманидан манзарали ва мевали кўчатлар келтириб, маҳалла аҳолисига тарқатиб, уйлари олдига, ҳовлисига экишларини ташкил қилдим, мана ҳозир шу кўчатлар катта дарахт бўлиб, кўчага соя ва мева бермоқда.
Ҳозир пенсияда бўлсамда, ҳовлимиздаги мевали дарахтлар ва кўчадаги экилган арча дарахтларини суғорилишига жуда эътибор бериб, сув қуйиб, қуриб қолмаслигини кузатиб турибман.
Маълумки, Ўзбекистонда манзарали кўчатларни экиш бўйича ҳар йили экологик акциялар ўтказилади.Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – таълим муассасаларида кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ёшларни атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашда фаоллиги ва масъулиятини янада ошириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар-жойлари атрофини бундан-да кўркам кўринишга келтиришдан иборат.
Мазкур акциялар барчага кўтаринки кайфият, руҳий озуқа бахш этади, десак асло муболаға бўлмайди. Унда яшил табиат ривожига ҳисса қўшаётган ҳар бир қатнашчининг юзида ҳис-ҳаяжон ва қувонч шундоққина акс этиб туради.
Айниқса, ёшларнинг фаоллигини айтмайсизми?! Бири арча учун ер қазишга кўмаклашган, бири челак-челак сув ташиган, яна бири арча тагига тупроқ тортяпти… Бунинг ҳам ўзига хос гашти бор… Четдан кузатиб туриб кишининг баҳри дили очилади. Зеро, уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик бор жойда, албатта осойишталик, файзу барака бўлади.
Кўчат экиш пайтида мутахассислар ёш авлодга кўчатлар, ҳақида қисқа маълумот ҳам бериб ўтадилар. Жумладан, арча бир жинсли, бир ёки икки уйли, шамол ёрдамида чангланувчи, игнабаргли ўсимлик ҳисобланади. Унинг 2-3 ёшли кўчати экилади, март-май ойларида эса гуллайди. Баъзи турлари тропик ҳудудлардаги тоғларда ҳам учрайди. Арчанинг хўжаликдаги аҳамияти ғоятда катта. Ёғочи меъморлик, ўймакорлик ва қалам ясашда ишлатилади. Баъзи турларидан хушманзара ўсимлик сифатида ҳам фойдаланилади. Арчасимон дарахтлар қишин-ёзин яшилликка бурканган бўлади. Натижада йил бўйи чангни ютиб, ҳавони тозалаб туради.
Баъзи дарахтлар ҳам борки, инсонга куч-қувват бахш этса, айримлари қон босимини маромига келтириб, юрак ва асаб тизими фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Дарахтлар атрофнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилайди, кучли шамолларни қайтаради, ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ишлаб чиқаради.
Ажаб эмас, юқоридаги тадбир ўқувчи-ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, уларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилган бўлса…
Таъбир жоиз бўлса, яна бир нарсани айтиб ўтиш лозим, биз дўпписида сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартиришга одатланган халқмиз. Ерга қадаган ниҳолларимиз кўкка бўй чўзиб, серсоя ва серҳосил дарахтга айланади. Бугун уларни парваришлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Эзгуликка йўғрилган тадбирдан қайтар эканмиз, "савоб ишни ҳар кун қилиш керак, савоб ишни ҳар ким қилиш керак" деган пурмаъно ҳикмат бежизга айтилмаганига яна бир бор амин бўлдик.
Бу йил ёз ҳар қачонгидан исссиқ келди. Айни жазирама шундан дарак бермоқда. Одамлар-ку, амаллаб жон сақлаяпти. Лекин кўча-куйда қуриётган ниҳолларга ачинади киши. Қанча меҳнат, қанча пул… Ҳар йили миллионлаб дарахт экамиз, деб жар соламизу, лекин уларнинг яримини ҳам сақлаб қолаолмаймиз.
Йил бошида Тошкент шаҳар ва вилоятида 2020-йил куз ва 2022-йил баҳор мавсумида “1 миллион дарахт” экиш ташаббуси қўллаб-қувватланган эди. Ҳар йил шунча дарахт экилса, шаҳар яқин йилларда ўрмонга айланадику, деб кўпчилик хурсанд бўлинганди.
Лекин Хaлқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман депутати Жаҳонгир Зиёевнинг маълумотларига кўра, яқинда шаҳарда экилган 75 мингта дарахтдан 52 мингтадан ортиғи қуриб қолгани ҳақидаги ҳабарни ўқиб, хафсаламиз пир бўлди. Мутахассис бунинг сабабини жой танлашда хатоликка йўл қўйилгани, сув оқиш тизими йўқлиги билан изоҳлаганини қайд этади. Менимча, бу изоҳга ўзлари ҳам ишонмаса керак, - дейди - Жаҳонгир Зиёев. Чунки Тошкентнинг ерига чўп тиқиб қўйсангиз ҳам кўкаради, деган гап бор. Фақат иссиқ кунларда бир оз сув бериб турилса бўлгани. Орол денгизининг қуриган шўр ерида дарахтлар кўкараётган бир пайтда Тошкентда дарахтларни сақлаб қолиш қийин бўлаяпти дейиш, чўпчакдан бошқа нарса эмас. Хўш жой танлашда хатоликка йўл қўйилган ҳам дейлик. Лекин 52 мингта дарахтнинг уволи, унга кетган харажат, меҳнат учун ким жавоб беради? - деган саволни қўяди.
“Ахир бу ҳам халқнинг пешона териси-ку! Қуриган 52 мингта дарахтнинг ҳар бирини 15 минг сўмдан ҳисобласак(манзарали дарахтлар ундан ҳам қиммат), 780 млн. сўм бўларкан. Ҳар йили мамлакатимизда тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экилишини эътиборга олсак, қанча маблағ увол бўлишини ҳисоб-китоб қилаверинг. Суғориш тизими йўқ экан, сув ташувчи машиналар ёрдами билан суғориш мумкин-ку!” - дейди куюниб, Жаҳонгир Зиёев.
Унинг маълумотларини тасдиқлаб, мен ҳам бир ҳолатни баён қилмоқчиман. Мен Юнусобод туманидаги “Зенит” заводи атрофидаги маҳаллада яшайман. “Зенит” завод ёнидан оқиб ўтган “Қорасув” ариғи қирғоғи ободонлаштирилиб, пиёда ва велосипед йўлакчалари қилинганига 3 йилдан ошди. Биз ҳар куни эрта тонг юриш, югуриш, велосипедда шу йўлакчалардан ва ўрнатилган тренажерлардан фойдаланамиз. Бажарилган бу ишлардан ва яратилган шароитлардан жуда хурсандмиз. Лекин 1 км дан ортиқ масофадаги йўлаклар атрофидаги ҳар йили қайта-қайта экилаётган кўчатлар ва гуллар қаровсиз қолиб, қуриб қолаётгани бизни кайфиятимизни туширмоқда. Катта ариқ ҳар икки томонида, суғориш тизими ўтказилган (фонтанчиклар ўрнатилган) бўлишига қарамай, ундан фойдаланиб, кўчатларлар ва гуллар доимо ҳам суғорилмайди. Экилган арча ва тераклар ҳамда гул кўчатлари қаровсиз ҳолда, яқин орада суғорилмай, қуриб қолмоқда. Катта дарахтлар ҳам сувсизликдан қуриб, кесилиб кетилмоқда. Яқинда жуда кўп қуриган дарахтлар кесилиб олиб кетилди.
Депутат Жаҳонгир Зиёев жуда муҳим, ўринли таклиф киритибди: дарахт кесганларга жарима солингани каби, кўчат экиб, парвариш қилмаганлар ҳам жаримага тортилиши керак. Яъни, давлатимиз пулига “биз шунча минг дарахт экдик” деб ҳисобот берадиган хокимият, ободонлаштириш бошқармалари, ташкилотлар эккан ниҳоли кўкармаса, чўнтагидан жарима тўласин. Шундагина “жойини нотўғри танлаб қўйибмиз, суғориш тизимига уланмаган экан”, деган баҳоналар бўлмайди. Жарима тўласа, жой ҳам тўғри танланади, сув ҳам келади.
Одамлар ҳам ён-атрофи, маҳалласида экилган ниҳолларга эътиборли бўлиб, парваришлаб турса, ҳам қанчадан-қанча дарахтларни сақлаб қолган бўламиз. Яъни, “бу давлатни-ки, менга нима” деган қарашдан воз кечиш лозим. Керак бўлса, дарахтпарвар инсонларни рағбатлантириш керак деб таклиф қилади, депутат.
Жаҳонгир Зиёев бунинг ечими сифатида дарахтни кесганларга жарима солингани каби, дарахт экиб, парвариш қилмаганларни ҳам жаримага тортишни илгари сурган. Унинг бу фикрларини ва таклифларини мен ҳам маъқуллайман.
«Давлатнинг пулига “биз шунча минг дарахт экдик” деб ҳисобот берадиган ҳокимият, ободонлаштириш бошқармалари, ташкилотлар эккан ниҳоли кўкармаса, чўнтагидан жарима тўласин. Шундагина “жойни нотўғри танлаб қўйибмиз, суғориш тизимига уланмаган экан”, деган баҳоналар бўлмайди. Жарима тўласа, жой ҳам тўғри танланади, сув ҳам келади», — дея таъкидлайди у. Буни ҳам ҳақиқий таъсирчан чора деб ҳисоблайман.
«Одамлар ҳам ён-атрофи, маҳалласида экилган ниҳолларга эътиборли бўлиб, парваришлаб турса ҳам қанчадан-қанча дарахтларни сақлаб қолган бўламиз. Яъни, бу «давлатники-ку, менга нима» деган қарашдан воз кечиш лозим. Керак бўлса, дарахтпарвар инсонларни рағбатлантириш керак», — деб қўшимча қилган депутат.
Назаримизда, юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш учун Вазирлар Маҳкамасинин 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорига асосан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ”да қайта кўриб чиқиш, тегишли аниқликлар ва ўзгартиришлар киритиш керак ва ижросини қатъий назорат олиш, ижросини таъминламаган корхона, ташкилот, муассасаларга, хатто фуқароларга нисбатан тегишли чоралар кўриш механизмларини ишлаб чиқиш керак.
Дарахтлар ва буталар бўйича мутахассис, академик Ф.Н.Русанов номидаги Ботаника боғи дендрологи Атиргул Халмуразаева Тошкентда экилган дарахтларнинг аскарияти нега нобуд бўлаётгани ва пойтахтга аслида қандай навлар тўғри келиши ҳақида маълумот берган. Тошкент экологиясини қандай қутқариш мумкин, қаерда дарахтлар кесилиб, ўрнига замонавий бинолар қурилмоқда? Пойтахтга кейинчалик бўлса ҳам сояни қайтариш, уни чанг ва тўзонлардан қандай қутқариш мумкин?
Мазкур масала билан мутахассислар бир неча йилдан буён шуғулланаётганини таъкидлаб, ҳозирдан бошлаб табиат ҳақида қайғурмасак, олдинги иқлимий шароитларни яқин 50-100 йилда тиклай оламиз дейди.
“Айни пайтда йўл ёқаси бўйлаб негадир павлония дарахти экилмоқда. Тўғри, бу дарахт тез ўсади, унинг шохлари узун, барглари йирик, чиройли гуллайди. Барглари йирик бўлсада, жазирамада сўлиб қолади. Мабодо ҳаво совуқ бўлса, қарийб томиригача музлаши ва кейинги йилдагина тикланиши мумкин. Бироқ, текис экилган дарахтлар қатори бузилади”, - дейди Атиргул Халмуразаева.
Унинг айтишича, павлониянинг томир тизими ўта мустаҳкам бўлиб, асфальт ва бетон ариқларни кўтара олади.
“Бундан ташқари Лолали дарахт ва Сариқ терак ҳам экишмоқда. Улар ҳам яхши, лекин бор-йўғи 50-60 йил, нари борса 70-80 йил умр кўради. Бироқ, тезда қуриб, титилиб кетиши ҳеч гап эмас”, - дея маълум қилади мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, дарахтларнинг ушбу икки тури чиройли гуллайди ва манзарали ҳисобланади, лекин юмшоқлиги учун тезда зараркунандаларга ем бўлиши мумкин. Ландшафт дизайни нуқтаи назаридан ҳам бундай дарахтларни экиш тавсия қилинмайди.
"Менимча, биргина дарахтлар фойдаси ҳақида эмас, балки уларнинг манзаралилига ҳақида ҳам ўйлаш керак. Мисол учун, биз чинор, эман, каштан, шумтол, заранг, катальпалар, Ленкоран акацияси, Канада богрянниги, Метосеквоя экишни тавсия қиламиз. Бу манзарали дарахтлар яхши ўсади ва бизнинг иқлим шароитида кўп йиллар давомида шаҳарни безаб туради. Бу дарахтларга дастлабки йилларда махсус парвариш талаб қилинади, ҳафтада 2 марта, чиллада эса - ҳафтада уч марта сув бериш керак, шунингдек, тупроқни ўғитлаш ва ағдариб туриш лозим. Камроқ экиб, шундай парвариш қилиш керакки, 100 фоиз дарахтчалар ўзини олиб кетсин",- дейди у.
Бу борада хорижий тажрибани ҳам ўрганиб, жорий этиш керак. Масалан, Нью-Йоркда ҳар бир дарахт учун персонал карточка тайёрланар экан ва у орқали дарахт тўла назорат қилинаркан. Дарахтлар Нью-Йорк бюджетини йилига 11 млн долларга тежаши маълум бўлган.
Нью-Йоркнинг барча дарахтлари харитага киритилган ва уларнинг иқтисодий фойдаси ҳисоблаб чиқилган. Паркларни ҳисобга олмаганда шаҳарда 675 781 дарахт бўлиб, улар Нью-Йорк бюджетини йилига 11 млн долларга тежаган. Аrchspeech нашри шу ҳақида хабар берган.
Ҳар бир дарахтнинг ўз рақами ва интернетда саҳифаси бор экан.
NewYorkCityStreetTreeMap сайтида барча дарахтлар учун персонал карточка тайёрланган. Дарахт тури, сурати, тана диаметри ва аниқ координаталари кўрсатилган.
Карточкалар назорат белгиси бўлиб, дарахт билан боғлиқ муаммо ҳақида хабар қилиш ёки аксинча унинг кесилишига доир маълумотларни киритиш мумкин экан. Муайян дарахтларни кузатиш учун аҳоли уларнинг персонал рўйхатини тузишар ва ижтимоий тармоқларда бўлишар экан.
Манбада таъкидланишича, бир дарахт шаҳар бюджетини ўртача 165 долларга яқин тежамоқда.
Дарахт карточкасида унинг иқтисодий фойдаси тўрт кўрсаткичга мувофиқ ҳисобланмоқда: дарахт қанча ёмғир сувини фильтрлади, қанча электр энергиясини сақлаб қолди, ҳавони тозалади ва диоксид азот миқдорини пасайтирди. Барча формула ва пул ҳисоб-китоблари АҚШ Ўрмон ҳўжалиги бошқармасининг i-Tree калькуляторидан олинмоқда. Тизимга сайтда алоҳида изоҳ берилади.
675 мингдан зиёд дарахт ҳаммаси бўлиб йилига 285 тонна карбон диоксидини ютади, 3,7 млрд. литр сувни фильтрдан ўтказади ва 676 млн кВт/с электр энергиясини сақлаб қолинади.
Маълумотлар аҳоли томонидан тўпланган. Дастур Парклар ва дам олиш масканлари департаменти томонидан шаҳар аҳолисини табиат ҳақида қайғуриш ва экофаоллар жамиятини тузишга жалб қилиш мақсадида ишга туширилган.
Яна бир @KunVideolariUz нинг маълумотга кўра, Таиланд ва Малайзия каби Осиё мамлакатларидаги дарахтни кўпайтириш усули билан таништиради. Улар бу усулда йиллар давомида шуғулланиб келар экан ва натижаси - мевалар ҳамма жойда бемалол экан. Яъни, меваларни истеъмол қилаётганида уруғларини ташлаб юбормас, пакетга солиб ва машинасига жойлаб қўяркан.
Йўли тушиб, шахар четига чиққанида дала жойлардан ўтаётганида, тўхтаб, уларни дарахтлар бўлмаган жойларга сепиб кетаркан. Унинг ўсиб дараҳт бўлиб кетишига ғам егувчи Зотга ишонар ва қолаверса буни табиатга қўйиб бераркан.
Шундай экан, келинг, уруғларни улар каби биз ҳам Ерга ташлайлик, аҳлат қутисига эмас!
Мутассади ташкилотларни, ҳамюртларимизни экилган кўчат ва гулларни сувсиз, чилланинг жазирамасида қуриб қолмаслигига, эътибор қаратишга чақирамиз Келинг, ҳаётимизда муҳим роль ўйнайдиган, шундай фойдали бўлган неъмат дарахтларни асрайлик...
Камолжон ШОДИМЕТОВ,
и.ф.н., Экология, инсон ва табиат
хавфсизлиги фанлари Академияси академиги,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фахрийлар Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг