Янгиликлар 622
ДEМОКРАТИК ЖАРАЁНЛАРДА «АДОЛАТ» ФАОЛ
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча соҳаларда чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жамиятимизда кўппартиявийлик, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Албатта бу борада сиёсий партиялар фаолиятини жонлантириш, партия аъзолари сафини кенгайтириш ва электорат билан ишлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан Андижон вилоят ОИТСга қарши кураш марказида ўтказилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди. Демократик жараёнларда сиёсий партияларнинг иштироки қандай? Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси талаб даражасидами? Тадбир олдига шу каби саволлар қўйилди. Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов иштирокчиларга мавзу юзасидан тушунча берди. Партиянинг сиёсий майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаши унинг ҳар бир аъзосининг фаоллигига боғлиқ эканлиги, БПТлар фаолияти, партия лойиҳаларини амалга ошириш ва жамоатчилик билан ишлаш юзасидан ўз фикрларини билдирди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек «Қайси партияга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад – бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад ҳаммамизни она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади». Андижонлик «адолатчилар»нинг бош мақсади ҳам шундан иборат. Тадбир доирасида мазкур марказда ташкил этилган БПТ фаолияти ўрганилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 100 нафардан ошгани, аҳолини соғломлаштириш билан бир вақтда тиббий маданиятини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар эътироф этилди.
Жанона Раҳимова, Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси:
-Ҳар қандай демократик давлатда фуқароларнинг эркин фикрлаш ҳуқуқи кафолатланган. Жумладан, Ўзбекистонда Бош Қонунимизда кўрсатиб ўтилганидек, ҳар бир фуқаро ўзи танлаган сиёсий партияга аъзо бўлиши мумкин. Ўрни ва аҳамияти жиҳатидан сиёсий партиялар жамият ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Сиёсий партиялар жамиятни ҳаракатга келтирувчи асосий сиёсий кучлардан бири демакдир. Шундан келиб чиқиб, биз бугун сафдошларимизни фаоллигини ошириш юзасидан ўз тавсияларимизни бердик.
Тадбир якунида 15 нафар тиббиёт ходимлари партия сафига кириш истагини билдирди. Уларга Сиёсий кенгаш раиси ўринбосари У.Расулов аъзолик билетларини топширди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг