Янгиликлар 1123
Депутат халқ орасида: муаммолар ечим топмоқда
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округи ҳудудларида бўлиб фуқароларнинг турмуши, яшаш шароити, эҳтиёжи, уларни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганмоқда. Айтиш мумкинки, ушбу учрашувлар давлат идораларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий кўриниши сифатида кенг жамоатчилик эътиборини тортаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева ҳам Пастдарғом туманида бўлиб аҳолини яшаш шароити, ўй-ташвишлари, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг таъминланганлиги, таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектларида бўлиб мавжуд шарт-шароитлар билан танишди.
Депутат дастлаб партия Пастдарғом туман Кенгашининг “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган ҳашарда иштирок этди.
-Ўзим сайланган сайлов округимда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида иштирок этар эканман, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган ушбу лойиҳа Пастдарғомда бугун ҳақиқий ҳаракатга айланганининг гувоҳи бўлдим. Тумандаги “Нурли зиё” фермер хўжалиги даласига “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари билан биргаликда 200 донадан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экдик. Ушбу ҳаракат ўзим ўқиган ва фаолият юритганим 28-ИДУМИда давом этди. Мазкур маскан, ундаги билимга чанқоқ ўқувчилар, самимий ва фидойи ўқитувчилар ва ходимлар мени доимо ўзига чорлайверади. Бундан кўп йиллар аввал ўзимиз ўтқазган ниҳоллар бугун улкан дарахт бўлиб, кўкка бўй чўзганини кўриб кўнглим яйради. Қадрдон мактаб жамоаси билан биргаликда яна ниҳол экдик – дейди депутат Музаффара Абдиева.
Ҳашардан сўнг маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамроҳлигида Музаффара Абдиева “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайловчилар билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Маҳалла фаоллари маҳалладаги “Нурли йўл” кўчасида жойлашган 61-кўп қаватли аҳоли турар жойида 32 та хонадон истиқомат қилиши, мазкур бинонинг канализация тизимида муаммолар мавжудлиги юзасидан қилган мурожаати депутатнинг эътиборини тортди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман сув-оқава ташкилоти мутасаддилари билан ушбу масала юзасидан ўзаро суҳбат олиб борилиб, шу ҳудудга яқин жойлашган янги қурилган кўп қаватли турар жой биноларининг канализация тармоғига улашга келишилди.
Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, новвойчилик билан шуғулланаётган Қандим Яхшибоева фаолиятини яқинда йўлга қўйганини маълум қилиб депутатдан ҳуқуқий маслаҳат сўради. Депутат фуқарога қонуний ҳақ-ҳуқуқларини батафсил тушунтириб ўтар экан, улгуржи нархда ун маҳсулоти етказиб бериш учун тадбиркорлар билан шартнома асосида ишлаши лозимлигини таъкидлади. Шундай улгуржи маҳсулот етказиб берувчи тадбирокрлар билан Қандим Яхшибоевани учраштирди.
Шундан сўнг, “Темирхўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 65-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Мактаб маъмурияти билан иссиқлик билан таъминлашда кузатилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан суҳбат олиб борилди. Шу ҳудудда жойлашган 64-мактабгача таълим ташкилотида ҳам худди шундай иссиқлик тизими билан узлуксиз таъминлашда юзага келаётган қийинчиликлар хусусида сўз борди. Бундан ташқари фуқаролар томонидан бандлигини таъминлаш, тиббий кўрик ҳамда даволаниш, ички йўлларни таъмирлаш, ногиронлик нафақасига чиқишда кўмаклашиш борасида кўтарилган масалалари депутат М.Абдиева томонидан батафсил ўрганиб чиқилди, мутасадди идора вакиллари билан ушбу муаммоларнинг амалий ечимини ҳал этиб бериш масалаларига эътибор қаратилди.
Обиджон ХЎЖАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг